Афандининг бир ўртоғи касал бўлиб қолди, уни кўргани бориш олдидан хотинидан маслаҳат сўради:
— Касал кўргани борганда нима дейилади?
— Бориб «аҳволингиз қалай?» деб сўрайсиз, у «шукур, яхшиман» дейди, сиз «хайрият» дейсиз, «иштаҳангиз қалай, нима егингиз келади?» деб сўрайсиз, у кўнгли тортган овқатни айтади, сиз «ундан кўпроқ еб туринг, мен ҳам янаги келишимда олиб келаман» дейсиз, қайтар вақтингизда яқин ўртоқларингиз келяпдими» дейсиз, у «ҳа, келяпти» дейди, сиз «хайрият, келиб туришган бўлса яхши, мен ҳам кўриниб қолишса айтиб юбораман» деб келаверасиз, — деди хотини.
Афанди ўртоғиникига борди, у оғир аҳволда ётар эди, Афанди ундан сўради:
— Аҳволингиз қалай?
— Кўриб турибсизку, ўладиган бўлиб қолдим.
— Хайрият, — деган эди, касал ижирғиланди, Афанди сўроқни давом эттирди:
— Иштаҳангиз қалай, нима егингиз келади?
— Ажалнинг уруғини!
— Ушандан кўп-кўп еб туринг, — таскин берди Афанди, — мен ҳам янаги келишимда ундан олиб келаман.
Афандининг бу гапидан асаби бузилган касал тескари қараб олди. Ниҳоят, Афанди яна сўради:
— Мендан бошқа ўртоқларингиз ҳам кўргани келишяптими?
— Ҳа, Азроил келяпти! — деди аччиғланиб касал.
— Хайрият, келгани яхши, мен ҳам кўча-куйда кўриниб қолса, айтиб юбораман,— деб Афанди жўнаб кетди.