Шаҳар ҳокими овқатдан бошқа нарсани сира ўйламас эди. Бир куни у шаҳарнинг кўзга кўринган одамларини чақириб, улардан билган овқатларининг номини ёзиб беришини талаб қилди.
Улар орасида Афанди ҳам бор эди. У ҳокимдан эрталабгача муҳлат олиб кетдида, нонуштада келиб ҳокимга арз қилди:
— Асал билан саримсоқ пиёз қўшиб қовурилса, ажойиб овқат бўлади.
Ҳоким дарҳол ошпазига ўшандай овқат тайёрлашни буюрди.
Овқат келтирилгач ҳоким бир қошиқ еди-да, Афандига қараб қичқирди:
— Ўзинг топган овқатингни ўзинг е, аҳмоқ! Афанди ноилож ея бошлаган эди, ҳоким сўради:
— Қалай, ажойиб лаззатли овқат эканми?!
— Тақсир, мен буни фақат ўйлаб кўрган эдим, холос. Бирор марта бундай овқат қилиб еган эмасман. Энди билсам, хаёл ҳақиқатга тўғри келмас экан,— жавоб берди Афанди.