Подшо Афандига бир эшакни мулла қилиб берасан, деб топширди. Афанди ўн йил муддат билан хизмат ҳақига минг тилла сўради. Подшо Афандининг таклифига кўнди ва шундай шарт қўйди:
— Айтган муҳлатингда эшакни мулла қилиб бермасанг бошингни оламан! Афанди ҳам шартга рози бўлди ва минг тилла билан эшакни олиб уйига жўнади. Афанди воқеани хотинига айтиб берган эди, у жуда қўркиб кетди.
— Вой, шўрим қурсин, эшак ҳам мулла бўладими?
— Эй, хотин! — таскин бера бошлади, Афанди,— нимага қўрқасан, ўн йилгача ким бору ким йўқ, ё Подшо ўлади, ё эшак.