Ёшлигида бир куни отаси Афандини пиширилган калла олиб келиш учун бозорга юборди. Афанди каллани олиб келаётиб унинг гўштларини еб қўйди.
— Ўғлим, олган каллангда сира гўшт йўқ-ку? — сўради отаси.
— Кўрмаяпсизми, дада, қўйнинг ўзи жуда ориқ экан?
— Хайр, майли, ориқ ҳам бўлсин, лекин қулоғи қани?
— Гаранг қўй бўлса керак, ўзи қулоғи йўқ эди.
— Қизиқ, каллада кўзи ҳам йўқ-ку, ахир?
— Бечора қўйнинг кўзи кўр экан. Шунинг учун ҳам қассобнинг пичоғидан қочиб қутулолмаган-да.
Отаси аччиғланиб жағни очиб кўрган эди, тили ҳам йўқ экан.
— Тили қаерда қолди буни? — бақирди отаси.
— Эҳтимол, шунча айби устига қўй соқов ҳамдир.
— Суякдаги тери, гўштлари қани бўлмаса?
— Кўриб турибсиз-ку, ўзи шип-шийдам кал экан.
Ҳар бир саволга Афанди пухта тайёрланиб келганини кўрган отаси бошқа ҳеч нарса сўрамади. Афанди отасини юпатиб:
— Қаранг, дада, тишларининг ҳаммаси бутун, бирортаси ҳам нобуд бўлмаган! — деди.