Афанди ҳақида латифалар

Шаҳар ҳокими Афандига буюрди:
— Менга бир баҳайбат, қопағон ит топиб келинг!
Афанди эса, буйруқнинг аксини қилиб, ювош бир ит топиб келди. Ҳоким Афандини койиди:
— Мен сизга «қопоғон ит топиб келинг!» десам, жуда ювош итни олиб келибсиз.
Афанди бепарво жавоб берди:
— Тақсир, хотиржам бўлинг, бу жанобларининг олдида беш-олти кун турса, ўзларидан таълим олиб, занжирини ҳам узадиган бўлиб кетади.
Подшо, вазир ва Насриддин Афанди овга чиқишди. Йўлда подшо устидаги чакмонини ечиб Афандига берди. Буни кўрган вазир ҳам чакмонини ечиб Афандига узатди. Подшо Афандига тегажоғлик қилиб:
— Афанди, устингиздаги бир эшакнинг юки бўлди-ми? - деди.
Афанди дарҳол:
— Йўқ, шоҳим, кўриб турибдилар-ку, икки эшакнинг юки! - деб жавоб берди.
Пошшо Афандини масхаралаш мақсадида сарой аҳлини йиғиб, фармони олий ўқиди:
— Биз бугундан бошлаб Насриддин Афандини эшак бошилик мартабасига мувофиқ кўрдик...
Афанди ўрнидан туриб пошшога таъзим қилди ва бориб тахтдан ҳам юқорироқ бир жойга бориб ўтирди.
— Ҳа, Афанди, — деди пошшо,— нима учун мендан ҳам юқорироққа ўтирдингиз?
Афанди қўлини кўтариб деди:
— Тақдирга тан беринг, шоҳим! Мен ўз вазифамни бажаришга киришдим!
Бир содда одам Афандидан сўради:
— Афанди, жаноза ўқилаётганда тобутнинг ўнг томонида турган савобми, чап томонида?
Афанди жавоб берди:
— Иккала томонида турсанг ҳам савоб, фақат тобутнинг ичида бўлмасанг бас!
Бир куни Афанди дўкондан бонусли Соcа-cоlа сотиб олибди. Қопқоғини очиб қараса, "Яна уриниб кўринг" деган ёзув чиқибди. Шунда афанди қопқоқни қайтадан ёпиб-очаётганмуш.
Бир куни тунда афанди меҳмондан қайтаётса, йўлида бой учраб қолибди.
Бой афандини камситмоқчи бўлиб:
— Ҳа, афанди, сенмидинг? Мен бўлса мол келяпти деб ўйлабман, - деса, афанди ҳозиржавоблик билан:
— Ие, бойота! Мен сизни одамга ўхшатиб юборибман, сиз экансиз-ку, - деган экан.
Бир подшоҳ шеър ёзиб сарой аҳлига ўқиб берибди. Ҳамма мақтабди. Фақат Афанди жим турганмиш. Подшоҳ:
— Сен нима дейсан?, - деса Афанди:
— Бунақа расво шеърни эшитмаганман, - дебди.
Подшоҳни жаҳли чиқиб, зиндонга ташлабди. Бир ҳафтадан кейин Афандини шоҳни ёнига олиб боришибти. Подшо янги шеърни ўқиб бериб, — Қалай чиқибди?, - деса, Афанди индамасдан ўгирилиб кетаётганмиш.
Подшоҳ:
— Қаёққа?, - деса, Афанди:
— Зиндон қаерда эди, - дермиш.
Пошшо бир куни Афандининг олдида ойнага қараб, ўзининг хунуклигидан шикоят қилди:
— Қара, одам ҳам шунақа хунук, бадбашара бўладими?
— Бир марта ойнага қараб шунча хафа бўласиз,— жавоб берди Афанди,— ўлмаган бизнинг жонимиз: ҳар кун сизни ўн марта кўрсак ҳам чидаб юра берамиз.
Афанди бир куни тўйга борди. Унинг ёнида ўтирган бир савдогар очофатлик қилиб еганига қаноатланмай, дастурхондаги қанд-қурслардан олиб, чўнтакларини тўлғазди. Афанди буни кўриб ёнида турган чойнакни олди-да, секин унинг чўнтакларига қуя бошлади. Савдогар пайқаб қолиб, жаҳл аралаш Афандидан сўради:
— Нега чўнтагимга чой қуйяпсиз?
— Чўнтагингиз қанд-қурсни кўп еб чанқаб қолгандир,— деди Афанди.
Афандининг хотини жангари чиқиб қолди. У арзимаган нарсага идиш-товоқларни синдирар, Афандининг юзига чанг солар, яна дод деб, қўшниларни йиғар эди. Афанди уйига келишга юраги бетламай, кечгача кўчада санқиб юрди, кеч бўлганда уйга келса, устидаги тўнини ечмай туриб, хотини жанжал бошлади:
— Онам туғмай ўлсин, сизга тегиб ҳеч ҳаловат кўрмадим! Одамларнинг эри ҳар кўчага чиққанда ҳеч бўлмаса мози кўтариб келади, сиз бўлсангиз сўппайиб кириб келасиз!
— Ҳмм... шуни айтинг, тақдир экан-да!
— Қаноатли хотинни топиб олиб қадрига етмайсиз. Мендан бошқа хотин бўлганда никоҳ кечаси сиз билан жанжал бошлар эди.
— Офарин,— деди Афанди. — Ўртамизда тинч ўтган кун ўша кун эди!