Эр-хотин ҳақида латифалар

Бир киши Россияга кетмоқчи бўлиб йўлга отланибди-да, ўғлини ёнига чақириб дебди:
— Мен ишлаш учун узоқларга кетяпман. Онангга қараб юр. Агар бегона эркак билан гаплашса, ҳовли этагига қурган янги иморатдан битта ғишт олиб қўясан. Қайтгач, шу иморатга қараб ўзим билиб оламан.
Орадан бир йил ўтиб, ҳалиги киши уйига қайтса, ўғли йўқ эмиш.
— Ўғлимиз қани? - деб сўрабди хотинидан.
— Жиннихонада ётибди. Янги қурган иморатни йиқитавериб, жонга тегиб кетди, - дермиш хотини.
Никоҳ икки хил асаб тизимининг тинч-тотув яшашидир
Ишхонага юзлари тирналган эркак кириб келибди. Бу аҳволни кўрган дўсти ундан:
— Нима бўлди? - деб сўраса,
— Хотиним! - дебди.
— Хотининг онасиники кетган деб ўйлагандим?!
— Мен ҳам шунақа деб ўйлагандим...
Хотини ҳаммомдан қўлида шампунь ушлаганича ҳовлиқиб югуриб чиқибди.
— Адаси, энди тушундим нега семириб кетаётганимни! Мана ёзиб қўйибди қаранг! "Ингичка толаларни ҳам бақувватлаштиради". Энди мен идиш ювиш гели билан чўмиламан. Унда бундай ёзилган экан: "Ҳар қандай ёғларни парчалаб, сизни бутунлай ташвишдан озод қилади"...
Эр-хотин айлангани чиқишса, йўлда тиланчи ўтирганмиш. Эр тиланчига садақа бериб, ундан сўрабди:
— Чекасизми?
— Йўқ.
— Ичасизми?
— Йўқ ичмайман.
— Жазманингиз-чи борми?
— Йўқ, - деса, ҳалиги эр хотинига қараб:
— Кўрдингми, ичмаган, чекмаган, юрмаган эркакни аҳволи нима бўлади?! - дермиш.
Хотин эрига дебди:
— Африкада бир қабила бор экан. У ерда эрлар хотинини сотиб юборармиш. Агар биз ўша қабилада яшаганимизда, сиз мени сотиб юборармидингиз?
Эри дебди:
— Сотиб ўтирмасдим. Совға қилиб юборган бўлардим.
Бир аёлнинг эри ҳар куни маст бўлиб уйига келар экан.
Ниҳоят хотинини сабри тугаб эрига дебди:
— Дадаси, агар эртага ичишни ташласангиз, боқиб турган қўчқоримизни оёғингиз остига сўяман, - дебди.
Эртаси куни эри ҳар кунгидан баттар ичиб, маст бўлиб келибди ва тўғри қўйхонага бориб, қўчкорга қараб дебди:
— Қўрқма! Сен сўйилмайдиган бўлдинг! Токи мен тирик эканман, ҳали кўп яшайсан!
Эр-хотин уйига янги люстра сотиб олибди.
Эри тепага чиқиб, люстрани ўрнатаётиб хотинидан сўрабди:
— Чироқни ўчирдингми ишқилиб?!
— Ҳа, - дебди хотини.
Бир пайт хотинини қитмирлиги тутиб, эри билан ҳазиллашгиси келиб қолибди. Секин эрини товонини тирноқлари билан қитиқласа, эри:
— Вой дод! – деб пастга сакраб тушибди.
Хотини:
— Ҳа, нима бўлди адаси? – деса, эри:
— Минг лаънат! Чироқни ўчирдим дегандинг, ток уриб товонимгача зириллатварди! – дермиш.
Эр-хотин кечки пайт салқинда кўчада айланиб юришса, олдидан қўшниси чиқиб қолибди.
— Нега бир ўзингиз юрибсиз? Хўжайин қани? – сўрабди хотин қўшни аёлдан.
— Эрим тўрт оёқли дўсти билан бирга... – дебди аёл.
— Ҳа, ит билан айланиб юрибдими? – деса, қўшни:
— Йўқ, янги диван сотиб олган эдик, - дермиш.
Хотин эрига:
— Азизим, мен семизманми?
Эр:
— Онаси, ҳамма нарсани яхши тарафини кўриш керак! Семиз бўлсанг яхши-ку, очиқ қолган канализация қувурларига тушиб кетмайсан.