Ҳайдовчилар ҳақида латифалар

Матиз автомобилини орқасидан катта тезликда келиб урган Малибу 2 ни ёнига ГАИ ходими келиб қараса, ойналари қорайтирилган Малибу 2 ни ичида шаҳар судьяси ўтирган экан. ГАИ секингина Матизни ёнига бориб "Ҳурматли ҳайдовчи! Сиз Малибу 2 автомобилини катта тезликда қувиб ўтиб, уни олд тарафига урдингиз! Ҳужжатларни тақдим этинг!" - дермиш.
Ҳайдовчини ЙПҲ ходими тўхтатибди. Спиртли ичимлик ҳидини сезган ходим:
— Ҳурматли ҳайдовчи, спиртли ичимлик истеъмол қилганмисиз? - дебди.
— Йўқ, - дебди ҳайдовчи.
Ходим яна:
— Сизни текширувга олиб борамиз...! - деса, ҳайдовчи:
— Балиқ егандим, - дебди.
Ходим:
— Балиқ есангиз, спирт ҳиди келадими? - деб сўрабди.
Ҳайдовчи бўлса:
— Балиқ ароқ ичган экан-да, - деган экан.
Машина ҳайдаб кетаётган дўстидан оғайниси сўрабди:
— Дўстим, нега йўлнинг ўнг ва чап тарафларига қараяпсан? Ахир бу йўл бир томонлама ҳаракатланадиган йўл-ку?!
— Э-э, бу ерни Қашқадарё дейди. Керак бўлса тепага ҳам қараш керак!
— Ҳамма такси ҳайдовчилар давлат ишида ишласа керак.
— Нимага унақа деб ўйлайсан?
— Уларни ўзи шунақа дейишади-ку! Бўш вақтимда кира қиламан, ўзимни ишим бор, бизнесим бор дейишади-ку!
Рулга ўтирсанг - пиёдалар қўйга ўхшайди. Машинадан тушиб, пиёда юрсанг - ҳайдовчилар молга ўхшайди.
ЙПҲ ходими ҳайдовчини тўхтатиб сўрай бошлабди:
— Ҳайдовчилик гувоҳномангиз борми?
— Бор, марҳамат.
— Машинани техник кўрик ҳужжатлари борми?
— Албатта.
— Суғурта полиси?
— Бор.
— Аптечка?
— Бор.
— Ўт ўчиргич?
— Бор.
— Ҳамма нарсангиз бўлса, бир ашулани шўхидан қўйинг, қистир-қистир бўлар...!
— Иложи йўқ. Кобальт машинасида ҳамма нарса бор-ку, лекин магнитофон йўқ...
Бир дудуқ киши бўлган экан. Нуқул гапирса, дудуқланиб қоларкан. Бир куни маршрутка тўхтатибди-да, эшикни очиб "Тақ-тақ, тақ-тақ" деса, ҳайдовчи асабийлашиб:
— Намунча таққиллатасан?!, ўтир тезроқ! - дебди.
Дудуқ киши бўлса:
— Тақ, Тақачига борадими? - деб сўрабди.
— Тоға, нега ГАИ ходимлари машиналарни кўрганда йўлга югуриб чиқишади?
— Уларни ёш боладек, машина йўлидан эҳтиёт қилишимиз керак.

Таксида она ўғли билан кетаётган экан. Ўғли ҳайдовчидан кўзини узмай қарайверибди. Буни кўрган ҳайдовчи:
— Ҳой болакай, нега менга тикилиб кетяпсан? – деса, болакай:
— Йўлда ёпиқ турган метан заправкаларни кўриб сиз ҳам адам айтган сўзларни айтармикансиз деб қараб кетяпман, - дебди.

Машинамга 80 бензинни 5700 сўмда қуйгани кетдим. Баҳорда қайтаман.