Жиноятчилар ҳақида латифалар

Врач - касал бўлсангиз хурсанд бўлади.
Милиция - жиноятчи бўлсангиз,
Машинангиз бузилса, уста қувонади.
Фақатгина ўғри сизга ҳамиша мўмай даромад ва хотиржам ухлашингизни тилайди.
— Ёшим 14 да, йигитим эса яқинда 21 га тўлади. Нима совға қилсам экан?...
— Жиноят кодексини!
Бир куни бемор врач қабулига борибди. Бемор хонадан чиқиб кетаётса, врач “Сиздан 20 минг” дебди.
Бемор чўнтагидан телефонини чиқариб, камерасини ёқибди-да, — Нима дедингиз? – дебди.
Врач:
— 20 мингга дори-дармонлар оласиз дедим, - дермиш.
Фирма директори ўзи сотадиган мол савдоси ҳақидаги эълонга кўзи тушибди. Қараса, нархи арзонрок экан. Телефон қилишга қарор қилибди.
Натижада, ўз омбори қоровулининг овозини таниб қолибди.
Қамоқхонада ўтирган болага онадан хат келибди:
— Болам огородни чопиш, картошка экиш керак, энди ман қариб қолдим, бир ўзим қийналвоман, дебди.
Ўғли хат ёзиб конвертни юзига, "Онажон огородни чопманг сизниям қамашади, мангаям срок қўшишади", деб ёзиб қўйибди.
Бир ҳафтадан кейин онадан хат келибди:
— Болам сандан хат кеганидан кейин, уйимизга 4та милиция келди, бутун огородни чопиб ташашди, дебди.
Бола онага жавоб хати йўллабди:
— Она қўлимдан кегани шу, картошкани ўзиз амаллаб экволарсиз, дермиш.
Бир киши ярим кечаси қоронғу кўчадан кетаётган экан, йўлидан безорилар чиқиб дебди:
— Қўлингдаги тилла соатни еч!
Ҳалиги киши:
— Вой дод! Ёрдам беринглар!!! - деб бақира бошласа, йўлтўсарлар:
— Ие, ҳали сени тилла тишинг ҳам борми?! - деган экан.
Қотилликда айбланган одамни суд қилишяпти. Судья:
— Сиз хотинингизни болта билан ўлдиргансиз!
Суд залидан овоз келди:
— «АБЛАҲ!!!».
Судья:
— Сиз яна қайнонангизни ҳам болта билан ўлдиргансиз.
Суд залидан яна овоз келди:
— «ИФЛОС!!».
Судья бақирган одамга:
— Жаноб, бу кишининг қабиҳ жиноятлари жаҳлингизни чиқараётганини биламан, лекин яна бир марта бақирсангиз, залдан чиқазиб юбораман.
— Узр, жаноб судья, ман бу кишининг 22 йиллик қўшнисиман. Бу аблаҳдан ҳар доим болта сўрасам, болтам йўқ дерди.
Фолбин ёнига келган аёлга дебди:
— Сизни эрингизни катта хавф кутмоқда!
Аёл бўлса:
— Буни биламан! Сиз айтингчи, мени қамашмайдими?!
Қари қассобнинг икки ўғли бор экан. Қаерда уруш-жанжал, қаерда ўғирлик, безорилик бўлса ака-укаларни қўли бўлар экан.
Ҳар қанча уринса ҳам, ўғилларини тарбия қилолмаган отаси қишлоқ қозисига мурожаат қилибди. Қози уларни чақириб келишни буюрибди. Ота икки ўғлини олиб қози ҳузурига келибди.
Қози катта ўғилни чақириб "Уят қани?", - деб сўрабди. Ака жим тураверибди. Қози: "Сенга уят қаёқда деябман", - дебди. Яна жим тураверибди.
Жаҳли чиққан имом "Ҳой бола, уят қани деябман" деб бақирибди.
Шунда ака-ука туриб қочишибди.
Укаси:
— Ака нима бўлди, нега қочдик? - деб сўраса.
Акаси:
— Ука, қоч, қозининг уятини кесиб кетишибди, биздан кўряпти, - деган экан.
Ошпаз шифохона ошхонасига ишга кираётганди. Кадрлар бўлимида ундан сўрашди:
— Судланганмисиз?
— Йўқ, ҳозирча қўлга тушмаганман!