Қарз ҳақида латифалар

Бир одам дўстидан қарзга пул сўрабди.
Дўсти унга:
— Пулни нима қиласан? – деса, ҳалиги одам:
— Даволанаман. Тилим синиб қолди. Тилимни гипс қилдиришим керак, - дермиш.
Икки дўст докторга борган экан. Доктор улардан бирига:
— Эртага сен хотирангни батамом йўқотасан, - дебди.
Дўстлардан бири иккинчисига қараб:
— 1000 сўм қарз бериб турсанг-чи, - дермиш
Бир одам қўшнисидан ҳол аҳвол сўрабди:
— Ҳа, қўшни, хомуш кўринасиз, тинчликми?
Қўшниси:
— Ээ, бир дўстим пластик операция қилдираман деб, 1000 доллар қарз олган эди, энди юзини ўзгартириб олиб, қочиб юрибди, ярамас, - дермиш.
Бир ойлик келин яқин дугонасига ҳасрат қиляпти:
— Кеча куни билан чучвара тугдим. Кечқурун эрим келиб…
— Хўш, хўш? Нима деди эринг?
— «Қайтиб бунақанги чучвара сотиб олма» деди.
Дугоналар суҳбатлашмоқда:
— Бир йигит билан танишган эди. У менга ёқмади. Қандай қилиб ундан қутулсам экан?
— Одатда бундай ҳолатларда мен ўша йигитдан қарз сўраб тураман. Қарабсан-ки, осонгина қутуласан.
Бир одам адвокатга келиб, маслаҳат сўрабди:
— Дўстим мендан 500 минг қарз олган. Лекин ҳечам тан олмаяпти. Нима қилсам бўлади?
Адвокат:
— Сиз дўстингизни ёнига боринг-да, 1 миллион қарз эканини унга айтинг!
— Ахир у 1 миллион эмас, 500 минг қарз эканини айтиб тўпалон қилади-ку?!
— Ана шу гапи сизга исбот бўлади!
Олимларнинг фикрича, тез орада шартномаларда ёзилаётган кредит берувчи ташкилотнинг шартларини фақат электрон микроскоп ёрдамида ўқий олиш мумкин бўлади.
— Тошмат, ўлишингга бир бахя қолибди деб эшитдим?
— Ҳа, тасаввур қилгин-а, Эшмат, бутун ҳаётим кўз ўнгимдан бирма-бир ўтди... Шунинг учун қарзларимни йигиб чиқаяпман, яна унутиб юбормаслик учун. Ўн беш йил илгари олган 10 минг сўмни чўзиб қўй-чи дўст!
Ўта тарбияли одамнинг қарздор танишига ёзган СМСи:
" Жуда қўпол гаплар билан сўкиб айтяпман, олган қарзингни қайтариб бер!"
— Менга қара, оғайни, мендан юз минг сўм қарзинг борлиги эсингдами?
— Эсимда. Мана, қара ён дафтаримга катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйибман.
— Кўрдим.
— Агар шунақа эслатавериб жиғимга тегаверсанг, умуман ўчириб ташлайман.