Транспортда ҳақида латифалар

Бир йигит автобусга чиқса, чиройли рус қиз ўтирган экан. Йигит қизни ёнига бориб:
— Озгина сурилинг, - деса, қиз рус экан тушунмай қараб турибди. Шунда йигит қизга нима деб гапиришни билмай:
— Чуть-чуть иди пошёл... – деган экан тиржайиб.
Поезд купесига бир нимжон киши кириб:
— Боксчи, курашчи, умуман спортчилар борми?, - деб сўрабди.
— Йўқ, - дейишибди.
— Унда беш мингдан йиғиб беринглар, - деб, пулни олиб, чиқиб кетибди. Бу ҳол яна уч мартта такрорланибди. Тўртинчи мартта кириб яна сўрабди.
— Бор, - дебди купедагилардан биттаси.
— Унда шахмат ўйнаймиз, ютқазган эллик минг беради, - дермиш.
Тезюрар поезд. Йўл кузатувчиси ҳар бир купега кириб илтифот билан мурожат қиляпти:
— Чет элликлар борми ?
Барча купеларда "Йўқ" деб жавоб беришибди.
Кузатувчи йўлакка чиқиб бақирди:
— Тешавой! Кондиционерни ўчиравер! Ҳаммаси ўзимизникилар экан!
Бир гуруҳ инженер-профессорларни янги самолётнинг илк парвозида иштирок этишга таклиф қилишибди. Бортга чиқиб, жойлашиб олишгач, эълон қилишибди:
"Ҳурматли инженер-профессорлар, ушбу самолёт сизларнинг талаба-магистрантларингиз томонидан яратилди. У илк бора ҳавога кўтарилишга тайёр. Мароқли парвоз тилаймиз!"
Шу пайт ҳамма профессорлар ур-йиқит қилиб, самолёт бортидан қоча бошлабди-ю, фақатгина биттаси жойида хотиржам ўтираверибди.
— Сиз нега хотиржам ўтирибсиз? Талабаларингизга жуда-ям ишонар экансиз?! - дейишса, профессор пинагини бузмай:
— Агар шу самолётни мени талабаларим қурган бўлишса, учиш у ёқда турсин, у ҳаттоки жойидан ҳам қўзғалмайди, - дермиш.
Автобусда кетаётган ёш йигитча ўриндиқда бўйнига тилладан ясалган самолёт занжирини илиб олган аёлга термулиб кетаётса, аёл унга қараб:
— Ҳа, йигитча, самолёт ёқиб қолдими? - деса,
Йигит:
— Йўқ, аэропорт ёқди, - деб жавоб берибди.
— Алло, ўртоқ, кетингдан кетвоммиза, бир орқага қараб қўйгин, Геленвагенни кўрдингми?
— Йўғее?
— Кўрдингми? Биза орқасидаги маршруткадамиза.
Самолётда ҳайвонлар учиб кетаётишган экан. Шер ҳаммасини йиғиб дебди:
— Ким салонда сигарет чекса, самолётдан ташлаб юбораман.
Бир пайт оқ қуш чекиб ўтирган экан. Ёнига қуён келиб:
— Нимага сигарет чекяпсан? Шер кўриб қолса, самолётдан ташлаб юборади, - деса, оқ қуш:
— Қўрқма! Чекавер! Ҳеч нарса қилмайди, - дебди.
Иккаласи чекиб ўтирса, шер келиб қолиб, самолётдан отиб юборибди.
Оқ қуш қуёнга қараб:
— Учишни биласанми? – дебди.
— Йўқ... – дебди пастга тушаётган қуён.
— Учишни билмасанг, нима қилардинг чекиб?! – деб учиб кетган экан.
Бир йигит автобусга чиқибди. Қараса, ёнида кетворган бир қиз турганмиш. Йигит қизга маҳлиё бўлиб қолибди.
Бир пайт қиз:
— Салом! — дебди. Йигит ҳам шоша-пиша алик олибди.
Қиз:
— Ишлар яхшими?
Йигит:
— Раҳмат, ўзингиз тинчмисиз?
Қиз:
— Мен ҳам яхши. Нима қиляпсиз?
Йигит:
— Уйга кетяпман.
Қиз:
— Кечқурун бўшмисиз? Агар бўш бўлсангиз кинога борардик!
Йигит:
— Ҳа, бўшман!
Қиз:
— Унда кечки 18:00да қўнғироқ қилинг!
Йигит:
— Ҳўп бўлади! Рақамингизни айтинг! — деса, қиз индамасмиш.
Йигит яна:
— Рақамингизни айтинг! - деб қизни туртса.
Қиз қулоғидан наушникни чиқариб:
— Тинчликми ака? Нега туртасиз? — дермиш.
Иккита одам поезд купесида кетмоқда.
Бири иккинчисига:
— Карта ўйнамаймизми?! Йўл олис...
— Мен карта ўйнашни билмайман-да.
— Мен ҳам деярли билмайман! - деб чўнтагидан картани чиқариб, икки-уч мартта аралаштиришди-да, бирданига:
— Вой, бу ерда иккита карта етишмаяпти. Валет ғишт ва қирол қарға...!
Бир киши поездга қўйни судраб чиқаётса, проводник сўрабди:
— Бу қўйни қаёққа судраб кетяпсиз?
Ҳалиги одам жавоб берибди:
— Қўй Тошкентда ўқийди! Бу-пора...