Жиноятчилар ҳақида латифалар

Япониялик ихтирочилар робот ихтиро қилишибди. У робот ўғриларни ушлар экан. Роботни Россияга олиб боришса, у ерда кунига 40 та ўғрини ушлабди. Америкада 50 тадан ўғрини қўлга олибди. Ипподромга олиб келишса, бир соатда роботни ўғирлаб кетишибди.
Бир куни Афандининг уйига Али деган дўсти меҳмонга борибди.
Бир пайт Афанди қараса, Али дастурхондаги кумуш қошиқни чўнтагига солаётганмиш. Топқир Афанди шундай дебди:
— Қаранглар, ҳозир мен қошиғимни чўнтагимга соламан. Бир зумда қошиғим Алининг чўнтагида пайдо бўлиб қолади. Мана...
У шундай деб Алини чўнтагидан ўғирланган қошиқни олиб қўйган экан.
Поезд купесида эр-хотин ва яна икки медик кетишяпти. Хотин роса кўп гапирар экан, ҳар бало деб тинмай гапириб кетаверибди. Хотин ўз эҳтиёжи билан купедан чиққан экан, медиклар эрга:
— Вой оғайни бунақа хотин билан қандай яшаб юрибсан? Бир умр бунинг дийдиёсини эшитиб ўлиб кетасанку. Яхшиси ҳозир Москвадаги бир хирургни адресини бераман, хотинингни миясини операция қилиб беради, қарабсанки камгап ажойиб хотинли бўласан, нархи ҳам қиммат эмас бори йўғи 1000$га гаплашиб бераман.
— Жиннимисилар қанақа минг доллар, кавказликлар билан гаплашиб қўйганман, атиги 200$га отиб ташлашаркан. Ўша ёққа олиб кетаябман.
Радионинг жонли эфирига навбатдаги тингловчи қўнғироқ қилиб гапиряпти:
“Кеча кўчадан пул тўла ҳамён топиб олдим. Ҳамён ичида пулдан ташқари Юнусобод тумани, Бодомзор кўчаси 8 уйда яшовчи Қодиров Алишер номига ташриф қоғози ҳам чиқди. Илтимос, Алишерга бирор-бир қўшиқ қўйиб берсангиз”.
— Судланувчи, ўғрилик жиноятига қўл уришга сизни нима мажбур қилди?
— Нима эмас, ким денг! Уларни ўзи ёнимга келиб “Тилла занжир билан соатни еч!” дейишди. Мен ҳам уларни тилла занжири ва соатини ечдим холос...!
Хилват кўчада Афандини йўлтўсарлар тўхтатиб дебди:
— Ҳамёнингни чўз! Пул керакми жонингми?
Афанди ўйланиб туриб:
— Ҳозир ёнимда пул йўқ эди. Сизлардан қарз бўлиб қоларканман-да, - дермиш.
Олдинлари қизлар мени орқамдан роса югуришарди. Ҳатто баъзилари уйимгача қувлаб келарди. Ҳозир бўлса югуришмай қўйишди. Чунки қизларни сумкасини ўғирламай қўйдимда.
Банкга қуролланган ўғрилар бостириб, киришибди. Ходимларнинг ҳаммасига девор остида қўлларини кўтариб туришни буюришибди. Ўғрибоши кассир аёлдан сўрабди:
— Исмингиз нима?
— Шарофат.
— Онамга адаш экансиз, майли сизни ўлдирмаймиз, деб ўғри 2—ходимдан исмини сўрабди.
— Ўзи исмим Қулпиддин. Аммо ўртоқларим "Шарофат" деб чақиришади, дермиш ходим қалтираб...
Тунда уйга кириб келган ўғрилар:
— Бизга олтин керак!
Уй эгаси:
— Қанча керак?
Ўғрилар:
— 100 кило!
Уй эгаси:
— 106 килолиси бўладими?
— Ҳа бўлади! Олиб чиқ!
Хотинини чақириб:
— Олтиной, чиқ! Сенга келишибди.
Битта одам қўшнисини ҳовлисига кириб, товуқхонасидан тухум ўғирлабди.
Тухумни ушлаб туриб, ҳаёл сура кетибди:
"Шу тухумдан жўжа очириб, боқиб катта товуқ қиламан. Товуқни сотиб, ғоз оламан, ғозни ҳам боқиб, сотиб, қўй оламан. Қўйни семиртириб, сотиб, бузоқ оламан! Бузоқни катта буқа қилиб, уни ҳам сотиб, машина оламан!", деб ҳаёл суриб турса, қўшниси келиб қолибди.
Ўғрини кўриб:
— Тухумни жойига қўй! - деб бақирган экан, тухум қўлидан тушиб, синиб кетибди. Шунда ҳалиги ўғри одам:
— Машинамни тўлаб берасан! - деб бақира кетган экан.