Шоҳ-бой ҳақида латифалар

Сарой фолбинини шоҳ ўз ҳузурига чақириб дебди:
— Менинг тақдиримни биласанми?
— Ҳа, биламан, - дебди фолбин.
Шоҳнинг жаҳли чиқиб:
— Сен ўз тақдирингни билиб олгин аввал, - деб унинг бошини танасидан жудо қилибди.
Иккинчи фолбин шоҳ ҳузурига келибди.
— Менинг тақдиримни биласанми? - сўрабди шоҳ.
— Йўқ, мен сизни қачон ўлишингизни биламан.
— Қачон? - дарғазаб бўлибди шоҳ.
— Менинг ўлимимдан икки кун ўтгандан кейин, - жавоб берибди фолбин.
Пошшо бир куни Афандининг олдида ойнага қараб, ўзининг хунуклигидан шикоят қилди:
— Қара, одам ҳам шунақа хунук, бадбашара бўладими?
— Бир марта ойнага қараб шунча хафа бўласиз,— жавоб берди Афанди,— ўлмаган бизнинг жонимиз: ҳар кун сизни ўн марта кўрсак ҳам чидаб юра берамиз.
Жудаям зиқна бой бўлган экан. Бир куни қўшни қишлоққа ошнасиникига меҳмонга борибди. Энди ўтирган экан, уйдаги шамни ўчириб келдимми йўқми, деган савол қийнай бошлабди. Бориб келай деса йўл узоқ, бормай деса шамни эриб қолишини ўйлаб юраги увишиб кетибди. Охири чидолмай йўлга тушибди. Халлослаб уйига келиб, эшикни тақиллатибди. Хотини чиқиб, эшикни очмоқчи бўлган экан...
Бой:
— Эшикни очма, ҳадеб очиб ёпилаверса эшик емирилиб кетади. Уйдаги шамни учириб қўй, шуни айтишга келган эдим. Мен шундоқ изимга қайтиб кетаман. Тайёр ошдан қолмай.
Хотини:
— Вой дадажониси-ей, менку шамни аллақачон ўчириб қўйганман, сиз шу гапни айтиш учун шунча йўл босиб келдизми, ковушингизни тагини емириб?
Бой:
— Хавотир олма хотин, ковушим қўлтиғимда!
Бир бойнинг камбағал қўшниси бор экан. Бир куни бой камбағал қўшнисини деворидан мўраласа, камбағал кўзани силабди. Ичидан жин чиқибди-ю, — Амрингизга мунтазирман, - дебди.
Камбағал қўшниси жинга қараб:
— Битта чой дамлаб кел!, - деса, зум ўтмай жин чойнакда чой олиб келибди.
Буни кўрган бой югуриб чиқиб қўшнисига:
— Шу кўзани менга сот! Истаган пулингни бераман, - деб ёлворибди. Камбағал бойни ҳамма пулларини, уйини, хазинасини олиб, кўзани унга берибди.
Бой хурсанд бўлиб, эски кулбага кирибди-да, кўзани силабди:
— Амрингизга мунтазирман, - деб чиқибди жин ичидан.
— Менга катта сарой, беҳисоб тилла бер!, - деса, жин:
— Буни иложи йўқ. Чунки мен фақат чой дамлашни биламан, - дермиш.
Бир куни подшоҳ халқи қандай кун кечираётганига кизиқиб, эски кийимларни кийиб олибди-да, бозорга борибди. Гўшт растасини олдига бориб:
— Бир кило гўшт неча пул?
— Беш тилло!
— Нега бунча қиммат?
— Чунки подшоҳимиз нодон!
Подшоҳ саройга қайтибди. Эртасига башанг кийиниб, энди соқчилари билан яна ўша гўшт сотувчисини олдига борибди:
— Ассалому алайкум, подшоҳим, - дебди сотувчи.
— Гўштни қанчадан сотяпсан? - сўрабди подшоҳ
— Беш тиллодан!
— Нега бунча қиммат?!
— Кеча сиз нодонга айтдим-ку...
Подшо Афандига икки юзта қўй бериб, таъкидлади:
— Шу қўйларнинг сонини камайтирмай қўзилатиб, боқиб берасан, — сут-қатиғи хизматингга!
Афанди қўйларни ҳайдаб саҳрога чиқиб кетди. Қараса: пошшо уни алдаб, совлиқ эмас, ҳаммасига қўчқор берган экан. Афанди ҳам қўйларни бир чеккадан сўйиб ея берди, Қўйлар тугагач, подшонинг муҳлати ҳам тугади. Афанди уйига қайтиб келди, аммо ўрдага бормади.
Ғазабланган подшо Афандининг уйига ясовул юборган эди, у: «Афанди туғиб ётган экан» деган хабарни келтирди.
Тутоқиб кетган подшо Афандининг уйига келиб чақирган эди, Афандининг хотини бундай жавоб берди:
— Афанди туғиб ётибдилар, ишингиз бўлса айтиб кета қолинг, айланай, ўзлари ҳеч ерга чиқолмайдилар.
— Ия, эр киши ҳам туғадими? Бу қандай номаъқулчилик!— қичқирди подшо.
подшога жавобан хотинининг ёнида турган Афанди дер эди:
— Тақсиримнинг қўчқорлари туққанда, мен туғсам ажабланадиган жойи борми?!
Бир бой кексайиб қолганига қарамай, Афандининг қизига ишқибоз бўлиб қолди:
— Жонгинам, сизни севиб қолдим, сувга десангиз — сувга, ўтга десангиз — ўтга сиз учун киришга тайёрман,— деди у.
— Ерга киринг, десам-чи? — деди қиз.
Подшо бир маросимда атоқли одамларга тўн кийгизди ва Афандини масхара қилиш учун унга эшакнинг тўқимини берди. Аъёнлар қатори Афанди ҳам подшони дуо қилиб, миннатдорчилик билдирди, сўнг бундай деди:
— Сизларга шоҳим одамлар киядиган тўн бердилар, менга эса, шоҳона лутф-карамлар қилиб, ўз кийимларини ечиб бердилар.
Кунларнинг бирида катта бой зиёфат берди. Шаҳар ҳокими ва бошқа амалдорлар қаторида Афандини ҳам таклиф қилди.
Бой ҳоким учун уйнинг тўридан жой ҳозирлаб, унга аъло ноз-неъматларни қўяр, бошқа одамларга оддий овқатларни тортар эди. Афанди ҳокимнинг ёнига ўтирди-да ўз косасига ҳокимникини, алмаштириб олди. Буни кўрган бой тоқатсизланиб қичқирди:
— Афанди, у овқатга тегманг, зарар қилади!
— Биламан,— жавоб берди Афанди,— ҳоким ҳазратлари бу овқатни еб шикастланиб қолмасинлар, ҳоким учун мен зарарланай деяпман.
Афанди подшога вазир эди. Подшо ниҳоятда аҳмоқ бўлиб, чет эллардан келган элчилар, олимлар, сайёҳлар олдида бўлар-бўлмас гапларни айтиб, ҳадеб, ўз аҳмоқлигини ошкора қила берар, Афанди доим ундан хижолат бўлиб, унинг гапларини шувагани-шуваган эди. Кунларнинг бирида Афанди бозор бўлганидан подшога деди:
— Бундан кейин биров билан гаплашаётганингизда, оёғингизга ип боғлай-да, бир учини кўрпача тагидан ушлаб турай, тўғри жавоб берсангиз ёки ўринли савол ташласангиз тек туравераман, айнисангиз, ипни аста тортиб қўяман.
Бу гап подшога маъқул тушди. Бир мамлакатдан элчи келганда худди шундай қилинди. Элчи кириб ўтириши билан подшо сўради:
— Қалай, мамлакатингизда ит, мушуклар семизми? Афанди ипни секин тортди, подшо гапдан тўхтагандан кейин, Афанди элчига бу гапнинг «маъно»сини изоҳлай бошлади:
— Шоҳимиз шундай теглик гапирадиларки, ит, мушукнинг семизлиги халқнинг осойишта ва фаровон турмуш кечиришини кўрсатади.
Элчи бу гапдан каноатланиб, подшога таъзим қилди. Буни кўриб подшо Афандига ўшқирди:
— Аҳмоқ, шундай чуқур гап айтган бўлсам, нега ипни тортдинг!