Шоҳ-бой ҳақида латифалар

Афанди «паррандаларнинг тилини биламан» деб мақтаниб юрар эди. подшо буни эшитиб уни овга олиб чиқди.
Йўлда кетишаётган эди, подшо вайронада сайраб турган бир бойқушни кўриб Афандидан сўради:
— Бойқуш нима деб сайраяпти?
— Бойқуш айтдики,— деди Афанди,— Агар подшонинг зулми шу хилда кета берса тез кунда шаҳар ҳам менинг маконимга айланади.
Афандининг маҳалласидаги хасис бир бой қачон меҳмон келса, бир патнусда суви қочган патирни олиб чиқиб қўяр, уни ҳеч ким синдиролмаганидан яна бутунича олиб кириб кетар эди. Бир меҳмондорчиликдан кейин хизматкор бояги патирни ичкарига қайтариб олиб кетаётганда, остонага қоқилиб йиқилди-ю, патирни синдириб қўйди. Бой «оҳ» деб, ўзини ташлаб ҳушидан кета ёзди. Афанди дарров ўрнидан туриб, патирнинг синиқларини терди, уларни бойга узатиб тасалли берди:
— Ўзингизни босинг, бой бува, бунинг иложи осон: кўчанинг бошида қадоқчи ўтирибди, югуриб чиқсангиз, саккизта қадоқ билан патирингизни бутунлаб беради.
— Жек, севгилинг сенинг миллионер­нинг набираси экан­лигингни билгач, сен­дан воз кечгани жуда ғалати-я.
— Нимаси ғалати? Энди у менга буви бўлди.
Пошшо бир ўлкага юриш қилиш олдидан Афандига буюрди:
— Еб-ичиб ётиш етар энди, сен ҳам юришга тайёрлан, Давримиз — қилич, камон, ўқлар асри, гап-сўзники эмас. Бу юришда мен билан бирга бўласан!
Афанди юришдан қолдиришини сўраб қанча ялинмасин натижа чиқмади. Охири у ночор бир камонни елкасига илиб, эшагига миниб пошшонинг ҳузурига етиб келди. Бу аҳволдан ажабланган пошшо кулиб ундан сўради:
— Афанди, бу нима қилиқ? Наҳотки, от тополмай эшак миниб келган бўлсанг?
— Иложи бўлмади, шоҳим, эшагим ялиниб: «Пошшонинг сендан ажралгуси келмаса, мен ҳам сендан ажрала олмайман, сен қаерда бўлсанг, бирга боришим керак», - деб туриб олди.
Афандининг тихирлигини кўрган пошшо атрофдагиларга ҳам таъсир қилиш мақсадида:
— Яхши камон олибсану ўқинг кўринмайди.
— Уқ менда йўқ.
— Душманни нима билан отасан?
— Бизга отган ўқларини териб олиб, ўзларига отаман,
— Аҳмоқ экансан, агар душман бизга қарши сира ҳам отмасачи?
— Агар душман бизга қарши отмаса, жуда яхши, унда уруш бўлмайди! Менга ўқнинг нима кераги бор,— жавоб берди Афанди.
Подшо Афандига бир эшакни мулла қилиб берасан, деб топширди. Афанди ўн йил муддат билан хизмат ҳақига минг тилла сўради. Подшо Афандининг таклифига кўнди ва шундай шарт қўйди:
— Айтган муҳлатингда эшакни мулла қилиб бермасанг бошингни оламан! Афанди ҳам шартга рози бўлди ва минг тилла билан эшакни олиб уйига жўнади. Афанди воқеани хотинига айтиб берган эди, у жуда қўркиб кетди.
— Вой, шўрим қурсин, эшак ҳам мулла бўладими?
— Эй, хотин! — таскин бера бошлади, Афанди,— нимага қўрқасан, ўн йилгача ким бору ким йўқ, ё Подшо ўлади, ё эшак.
Подшо Афандини бир куни овга олиб чиқди. Бир манзилда Афандини масхаралаш учун отининг пастки лабини кесиб қўйди. Афанди буни фаҳмлаб қолди-ю, бориб подшонинг отининг думини кесиб қўйди.
Овдан қайтишда подшо оркасига қараб Афандига деди:
— Афанди, отингиз нега кулаётибди?
Афанди дарҳол жавоб қайтарди:
— Тақсир, отингизнинг кети очилиб қолибди, шунга куляпти.
Бир подшоҳнинг жуда ақилли вазири бўлган экан. Бир куни шоҳ вазирини боплаб калака қилмоқчи бўлиб ҳузурига чақиртириб дебди:
— Вазир жаноблари, марҳамат қилиб менга эркак чумолилардан кабоб тайёрлаб келсангиз! Айнан эркак чумолилардан бўлсин! Ахир сиз донишманд аъёнимсиз!
— Хўп бўлади олампаноҳ! – дебди вазир ва тушликка ликопчада 5 та қовурилган чумолини кўтариб келибди. Буни кўрган шоҳ ундан сўрабди:
— Хўш муҳтарам вазир, буларни эркак чумоли эканлигини қандай билдингиз?
— Оддий, - дебди вазир, - Эрталаб чумолиларнинг уясини олдига бориб, уясини бузаётган эдим, мана шу 5 таси менга ўт қўймоқчи бўлишди, - деб жавоб берган экан.
Қадим замонда подшоҳ бирининг саройи олдида халқ йиғилиб, шовқин-сурон кўтарибди.
Подшоҳ айёнлардан сўрабди:
— Ташқарида нима бўляпти?
— Халқингиз сизга миннатдорчилик билдириш учун келибди, - дебди айёнлар.
Подшоҳ:
— Нега улар "Бўлди бас!", "Етар!", "Ортиб кетди" деб бақиришяпти, - деса, айёнлари:
— Ҳамма нарса етарли, ортиғи билан муҳайё, тўкин-сочинлик бўлгани учун айтишяпти бу сўзларни, - деган экан.
Бир киши тўй қилмоқчи бўлиб, афандига тўйга айтишни буюрибди.
Афанди бойни уйига бориб, тўйга айтса, бой:
— Тўйга айтишга тузукроқ одам топилмадими? - дебди.
Афанди бойга қараб туриб:
— Тузукроқлар тузукроқ одамларникига айтишга кетди-да бой ота, - деган экан.
Бир куни афанди тўйга борибди.
Қайтишда тўй эгалари казо-казоларга чиройли тўнлар кийдиришибди. Афандига эса эшакни пўстинини берибди.
Шунда афанди ҳаммага эшиттириб дебди:
— Кўрдингизми, сизларга тўн кийдиришди. Менга эса ўзларини кийимларидан ҳад қилишди!