Эр-хотин ҳақида латифалар

Икки дугона суҳбатлашмоқда:
— Кеча эрим билан урушиб қолдим. Мени хафа қилди.
— Майли. Чой дамлаб бераётганингда қасдингни оласан.
— Тушунмадим...
— Ахир юзига туфлай олмайсан-ку!
Касалхонада йўлагида бир одам қаттиқ ҳаяжонда, у ёқдан-бу ёққа юрибди. Хотинини операция қилган врач чиқиб, ғамгин ҳолатда гап бошлабди:
— Хотинингизни ҳаётини сақлаб қолдик. Лекин у комада. Яхши парвариш қилсангиз, яна ўн йил яшаши мумкин.
Врач эрига қараса, кайфияти бутунлай тушиб кетибди. Йиғлаб юборишига бир баҳя қолганини кўриб:
— Ҳазиллашдим. Хотинингизни сақлаб қола олмадик, - дебди врач.
— Алло, бу Бобур-акани номерими???
— Йўқ, мен Шахнозаман!!
— Алдаманг, Бобур-акани номерику бу тўғрими??
— Э, қанақа Бобур? Мен Шахнозман!!!-
— Унда нимага эримни телефонида Бобур деб ёзилибсиз??!!
Бошлиқ хонасига аёл киши кирди.
— Мумкинми?
— Келинг хизмат?
— Мен сизнинг ҳайдовчингиз Шоқосимни хотиниман. Эрим менга хиёнат қиляпти!
— Сиз буни қаердан билдингиз?
— Кеча костюмининг чўнтагидан манабу аёллар ич кийимини топиб олдим!
Бошлиқ:
— Ҳайдовчим ҳозир устахонада. Буни менга ташлаб кетинг. Ўзим Шоқосим билан гаплашаман, - дебди.
Бошлиқ ич кийимни портфелига солибди. Ишлари кўпайиб кетиб, ҳайдовчиси билан гаплашиш эсидан ҳам чиқиб кетибди.
Кечки пайт уйига келса, хотини:
— Дадаси, уйда нон тугабди. Пул беринг, нон олиб келай, - дебди.
Бошлиқ:
— Пул портфелимда, олақол, - дебди. Хотини сумкани очиб, ич кийимга кўзи тушибди:
— Дадаси, бу кийимимни уч кундан бери тополмайман. Сизда экан-да, - дермиш.
Бир аёлни эри оламдан ўтибди.
Аёл қабр устида йиғлаб дардини тўкиб солибди:
— Ўғлимизга шим, қизимизга кўйлак, у керак бу керак, - дебди.
Кечаси тушига эри кириб:
— Хотин ман ўлдим, Дубайга кетганим йўқ, — дебди.
Эр-хотин супермаркетдан иккита аравачани тўлдириб, харид қилишибди. Кассани ёнига келишса, хотини:
— Вой адаси шошмай туринг! Ҳожатхона қоғозини унутибмиз. Ҳозир ELMA дан олиб чиқай деса, ҳаражатни кўриб, жаҳли чиқиб турган эри:
— Керакмас, ҳозир чек қоғози эллик метр бўлади, - дермиш.
Эр хотинига ялинди.
— 20000 сўм бер…
— Йўқ, берсам яна ичиб қўясан.
Кечқурун хотин ишдан келиб қараса, уйда ғозлар йўқ.
— Хой, эр, ғозлар қани?
Ширакайф эр:      
— Ғозлар жанубга учиб кетишди. Агар 20000 сўм бермасанг, қўйлар ҳам тоққа чиқиб кетишади.
Бир одам бекатда турган экан, ёнига нотаниш киши югуриб келиб, ўша одамни бошига бир чертибди-да:
— Латта, - деб яна югуриб кетворибди.
Ҳалиги одам уйига келиб, хотинига бўлган воқеани айтиб берибди. Эртасига яна ўша бекатда турса, яна ўша киши югуриб келиб, бошига бир чертиб:
— Сотқин, - деярмиш.
Хотин эрига:
— Дадаси, бугун тушимда менга Galaxy олиб берибсиз.
— Хотинжон, сенга неча марта айтаман, ёмон туш сувга айтилади, бошқа ҳеч кимга айтилмайди деб!
Эр-хотин дўкон айланиб юрса, хотини эрини ёнига чақириб:
— Манави кўйлакни қаранг, чиройли экан-а? – дебди:
Эри:
— Ҳа, чиройли экан. Нега кўйлакка телефон рақамини ёпиштириб қўйишган? – деб сўрабди.
Хотини:
— Бу телефон рақами эмас, кўйлакни нархи... – дермиш.