Ишхона ҳақида латифалар

Бошлиқ янги ҳисобчини ишга олмоқчи бўлиб, номзодларни суҳбатга чақирибди:
— Икки карра икки нечи бўлади?, - деб савол берибди. Ҳаммадан "тўрт" деган жавоб чиқибди. Фақатгина битта номзод жавоб бермабди. Ёлғиз қолишгач, бояги индамай ўтирган номзод бошлиққа яқин келиб:
— Нечи бўлсин хўжайин? Қанча қилиб берай?, - деган экан, бошлиқ ўша номзодни ишга олибди.
Бугун раҳбаримиз 5 ёшли қизалоғини ишхонага олиб келди. Қизалоқ ҳамма ёқни кузатиб ўтириб, ёнимга келди-да деди:
— Адам сизларни қул қилиб сотиб олганми?
— Ҳа, - дедим мен ҳам кулиб.
Шунда қизалоқ меҳрибон оҳангда:
— Хавотир олманг, катта бўлсам ҳаммангизни ўзим озод қиламан, - дейди.
Цех бошлиғи ишчиларидан сўрабди:
— Директор келмадими?
— Йўқ, - дебди ишчилар.
— Ҳа майли. Мен хонамда бироз ухлаб оламан.
Бироздан кейин яна чиқиб сўрабди:
— Директор келмадими?
— Йўқ, ҳали келгани йўқ! – деб жавоб берибди ишчилар.
Цех бошлиғи дебди:
— Ҳа яхши. Мен хонамга кириб ухлаб тураман. Хабар олиб туринглар...
Бироздан кейин директор келиб қолибди. Ҳамма ишчилар директорга қараб:
— Қаерларда юрибсиз?! Сизни деб 2 соатдан бери цех бошлиғимиз уйғона олмаяптилар, - дермиш.
Бир куни командир постда турган аскар ёнига борибди:
— Фараз қил, сен турган постга душман келяпти. Сени ҳаракатинг? – деса, аскар:
— Фараз қилинг, мен акопдаман, - дермиш.
Ишбилармон киши чет эллик ҳамкорлари билан мажлис бошлай туриб, котибасига:
— Менга қаҳва, манави учта эчкиларга эса чой олиб келинг! - деса, меҳмонлардан бири:
— Мен таржимонман! Гапингизни тушуниб турибман, - дебди.
Бошлиқ котибасига тайинлабди:
— Бу ҳужжат жуда-ям муҳим! Уни хавфсиз, тез топиладиган жойга қўйинг!
Котиба:
— Столимдаги атир-упаларимни ёнига қўйишим керак экан-да!
Ишхонага юзлари тирналган эркак кириб келибди. Бу аҳволни кўрган дўсти ундан:
— Нима бўлди? - деб сўраса,
— Хотиним! - дебди.
— Хотининг онасиники кетган деб ўйлагандим?!
— Мен ҳам шунақа деб ўйлагандим...
Бир йигит офисда ишлаб ўтирса, ёнидаги ҳамкасби нуқул бошини столга қўйиб олиб ухлармиш. Соатга қараса, тушлик вақти бўлибди.
Ҳалиги йигит ҳамкасбини ёнига секин бориб, туртиб дебди:
— Тур энди, тушлик вақти бўлди. Юр, овқатланиб келамиз.
Ухлаб ётган ҳамкасби бошини ҳам кўтармай:
— Сен боравер... Мен бугун тушликсиз ишламоқчиман, - дермиш.
Битта одам ишга нақд 1 соат кечикиб келибди. Ишхонага кираверишда уни учратган раҳбар танбеҳ берибди:
— Нега кеч қолдингиз?
— Кечирасиз, 3-қаватдан йиқилиб тушдим, - дебди ҳалиги одам.
Раҳбарни баттар жаҳли чиқиб:
— Нима, бир соат тушдингизми пастга?! – дермиш.
— Алло, мен эълон бўйича қўнғироқ қиляпман. Ишга олишингиз учун нима талаб этилади?
— Олий маълумотдан ташқари, ўрта мактаб ўқувчисининг билими ва мактабгача бўлган боланинг тарбиясига эга бўлишингиз керак.