Оила ҳақида латифалар

Боғчадан қайтган қизалоқ коллежда ўқийдиган опасига шошиб:
— Опа-опа, сизга шеър айтиб берайми? - деб сўраса, опаси жилмайиб:
— Майли, айтиб берақол! - дебди. Қизалоқ яна:
— Фақат сиз қарсак чалиб туринг, хўпми? - дебди. Опаси ҳам:
— Хўп, айтақол! - деб қарсак чалишни бошласа, қизалоқ:
— Ҳамма қизлар ўқишда,
Китоб ўқиб юрибди!
Битта аҳмоқ бу ерда,
Қарсак чалиб турибди! - дермиш.
Бир йигит чет элда 5 йил юриб, уйга қайтибди. Қайтибди-ю, лекин нуқул русча гапирармиш. Қишлокдан холаси кўргани келибди. Салом-аликдан сўнг холаси ҳасрат бошлабди:
— Болам, ўтган йили поччанг ҳам оламдан ўтдилар, - деса. Йигит:
— Чепуха, - дебди. Холаси у русчасига "Ҳудо раҳмат қилсин" дегани бўлса керак-да деб:
— Нима ҳам қилардик болам, бизам "Чепуха" деб ўтирибмиз, - дермиш.
Икки ака-ука узоқ масофани қай бири яхши кўра олишини синаш учун беллашишибди.
— Ака, ҳов анави ўрмоннинг орқасидаги чўлда бир чумоли кетаяпти, - деса, акаси:
— Ҳа, укажон. Ўғил бола чумоли дегин, - дермиш.
Ака-сингил карамли салат еб ўтиришган экан акаси:
— Синглим, эчкига ўхшаб ўтиришимиззи қара! - деса, синглиси:
— Сиз балки эчкига ўхшаб кетяпсиз, мен қуёнчаман! - дермиш.
Бир куни қизалоқ укасидан сўрабди:
— Асални рус тилида нима деймиз?
Укаси:
— Мёд, - дебди.
Қизча ундан:
— Новвотни нима деймиз унда? – деб сўрабди.
— Қаттиқ мёд, -деб жавоб берган экан.
Оила дастурхонидаги ширинликлар 2 турга бўлинади:
1. Ширинларига
2. Бунисини адамиз есинлар!
Бир аёл радиога телефон қилиб, эфирга чиқибди. Салом йўлламоқчи эканини айтиб, дебди:
— Салом заправкадагилар. Орангизда 3 кун аввал метан қуйгани кетган ўғлим ҳам бор.
Ўғлим Анваржон, телефонингни қуввати тугаб қолган бўлса керак, телефон қилсам "ўчирилган" деяпти.
Ўғлим, сен мени тинглаётган бўлсанг, яхшилаб эшит! Сен кетган кунинг хотининг ўғил фарзандлик бўлди. Бугун уйга жавоб беришди. Боланг ва хотининг соғ-саломат.
Ўғлингни исмини яхши ният билан Метанбек деб қўйдик. Умри заправкадаги навбатлардагидек узоқ бўлсин.
Кейинги ҳафта бешик тўй. Имкон қилиб кела олсанг келгин болам. Бўлмаса хафа бўлмаймиз. Тушунамиз ҳолатни, деб онанг.
Эр шимини ҳафсала билан дазмоллаётган хотинини кўриб сўрабди:
— Тинчликми онаси?! Бугун чиройли кийиниб кўчага чиқсам, менга қизлар қарар экан-да...! – деса хотини:
— Дазмолланган, яхши кийинган эркак оилали бўлишини ҳамма қизлар билишади, - дебди.
Эр-хотин дам олгани далаҳовлига кетаётишса, хотини уйдаги ҳамма пулларни сумкага солаётганмиш. Буни кўрган эри:
— Бор-йўғи 2 кунга кетяпмиз. Нима қиласан шунча пулни? – деб сўрабди ҳайрон бўлиб.
Хотини дебди:
— Тўғри, далаҳовлига биз кетяпмиз. Лекин ўғлимиз 2 кун уйда қолади-ку...!
— Ҳа ўртоқ, кайфиятинг йўқ?
— Эй, хотиним яна жанжал қиляпти.
— Нега?
— Тўрт юз минг ойлик ёш оилага етмайди дейди.
— Тежаб ишлатса етади.
— Мен ҳам шуни айтаман-да. У бўлса “Етмайди, сиз ҳам ишланг” деяверади.