Овқатланиш ҳақида латифалар

— Адаси, яна овқат ейсизми?
— Ҳа, албатта. Ахир шунча меҳнатим кетган.
— Қанақа меҳнат? Овқатни мен тайёрладим-ку?!
— Мен хотин танлашга деяпман.
— Официант, нега товуқ шўрвани ичида товуқни кўрмаяпман? Нима бало, қайнайвериб йўқ бўлиб кетдими?
— Нега йўқ бўлиб кетар экан!? Тез чайиниб, чиқиб кетди...
Ишдан қайтган эр хотинига дебди:
— Бугун эрталаб шунчалик аччиқ қаҳва дамлаб берибсанки, ишда умуман ухлолмадим.
Социологлар 500 нафар эркак ўртасида сўровнома ўтказишибди. Савол қуйидагича:
“Кимнинг таоми мазали? Хотин тайёрлаганими ёки маъшуқами?”
Сўровнома натижасида 300 нафар эркак “Хотиним тайёрлаган” деб, 200 таси эса “Маъшуқамнинг овқатлари” деб жавоб берган. Лекин бирортаси ҳам “Билмайман!” деб ёзмаган.
Иккита ёш қиз кафега кириб официантга дейишибди:
— Бизга ичишга 2 та кафе олиб келинг.
Официант:
— Сизларга кофе олиб келишим мумкин, лекин кафени олиб кела олмайман.
— Йўқ! Бизларга кафе олиб келинг!
— Яхши қиз сизларга кафени бериб юборсам, кейин мен қаерда ишлайман? – деган экан официант.
Қўшнимникига кирсам, хотини қўй гўштидан шўрва қилган экан. Мени кўриб энсаси қотди.
— Адаси келақолинг, овқат пишди, - деди-да, эрига бир косада шўрва, бир лаганда гўшт олиб келиб ёнига қўйди. Қорним оч, нима қилишни билмай, ичимда “Шошмай тур!” деб турсам, қўшним:
— Гўштдан олинг, - деб қолди. Лагандаги гўштга қўл узатиб бир бўлагини тишладим-у, “Вой-дод” деб ерга ағанадим.
Шу пайт қўшним мени кўриб қўрқиб кетди-да, хотинига:
— Сен жодугар мени заҳарламоқчи бўлдингми? – деб ўдағайлаб қувлаб кетди.
Секин ўрнимдан турдим-да, шўрва ва бир лаган гў штни паққос тушириб “Зиқна бўлиш шунақа бўлади!” деб уйимга жўнавардим.
— Хотинжон, илтимос менга қараб ёт.
— Йўқ, қарамайман, сиз саримсоқ егансиз!
— Сен эса ётишдан олдин, бир коса нохат шўрва ичдинг, нафас ололмаяпман.
Бир ўзбек билан татар кафега киришибди. Татар 3та булочкани ҳеч кимга билдирмай чўнтагига солиб, ўзбекка мақтанаятганмиш:
— Қара, шипириш дегани шунақа бўлади. Ўрган, студент! — деса
Ўзбек айтармиш:
— Шипиришни ҳозир сенга ўргатаман, — дебди.
Ўзбек сотувчини олдига бориб:
— Хоҳлайсизми, сизга фокус кўрсатаман?
— Қани, кўрилучи?
— 3 та булочка беринг!
— Мана!
Ўзбек 3 та булочкани сотувчини олдида паққос тушириб, оғзини артаётса, сотувчи ғазабланиб:
— Булочкани йўқ қилдингку, номард! Шуми фокусинг? — деса
— Булочкангиз жойида, ана ану татарни чўнтагини қаранг, — дермиш
Бўлғуси рафиқаси билан учрашувга отланган йигитга холаси ақл ўргатяпти:
— Сен қизга албатта 3 та савол беришинг керак. Биринчи савол рўзғорга оид бўлиши шарт. Иккинчиси оила, учинчиси эса фалсафий бўлсин, тушундими жиян, бўш келма!
Куёв учрашувга борганида холасини айтганларига амал қилиб сўради:
— Кечирасиз, сиз макаронни яхши кўрасизми?
— Йўқ.
— Укангиз-чи, у макаронни яхши кўрадими?
— Мени укам йўқ.
— Нима деб ўйлесиз, агарда укангиз бўлганида макаронни яхши кўрган бўлармиди?!
Янги рус бойи кафега кирибди. Кафеда бир қанча одам бор экан. Айнан руснинг рўпарасида эса бир ўзбек ўтирган экан. Ҳалиги рус бу ўзбекни бир боплай, деб барменга "Мана бу ўзбекдан ташқари ҳаммага менинг ҳисобимдан қуй!", деса.
Ўзбек русга қараб: "Раҳмат, раҳмат", - деб қўйибди.
Рус гапини барменга яна қайтарса, ўзбек яна "раҳмат, раҳмат", - дебди.
Ҳалиги рус ҳайрон бўлиб бармендан:
— Бу нега менга ундай деяпти, ким ўзи бу?", - деса,
Бармен русга:
— Бу киши, мана шу кафенинг хўжайини Абдураҳмон-ака бўлади, - дебди.