Боласини олиб кетиш учун боғчага келган она тарбиячи ўриндиқда ухлаб ётганини, болалар эса майдончада бир ўзлари телефон ўйнаб ўтиришганини кўриб жаҳли чиқиб кетибди. Тарбиячини тепасига бориб баланд овозда:
— Бу нимаси? Ҳамма болалар қочиб кетишади-ку, - деса,
Тарбиячи:
— Тинчланинг, ҳеч қаёққа кетишмайди. Чунки Wi-Fi фақат майдончани ичида ишлайди, - дермиш.
Ҳайвонот боғи. Маймун турган қафас ёнида қизалоқ ойисидан сўради:
— Ойи, нега маймунлар юзларини бўяб олишган?
— Бошқа маймунларни қўрқитиш учун.
— Ие, унда сиз дадамни қўрқитиш учун бўяниб олар экансиз-да, а?
Ёнида индамай кетаётган дадаси жавоб берди:
— Йўқ қизим. Онанг кўчадаги одамларни қўрқитиб юбормаслик учун бўянади.
— Дада "Мужик" нима дегани?
— "Мужик" дегани - ўзи ишлаб, пул топиб, оиласини боқадиган инсон!
— Дада, катта бўлсам мен ҳам ойимга ўхшаб мужик бўламан!
Ота-бола меҳмонга боришибди. Боласи дастурхондаги узумдан олиб ебди-да отасига:
— Дада, узумда “У” витамини бор. Еб туриш керак! – дебди.
Яна бироздан сўнг:
— Дада, ёнғоқда “Ё” витамини бор. Еб туриш керак! – деб ёнғоқни паққос туширибди.
Мезбондан уялиб турган дадаси, уй эгаси ташқарига чиқиши билан ўғлига бир тарсаки туширибди-да, дебди:
— Ўғлим, тарсакида “Т” витамини бор. Еб туриш керак!
Она беш ёшли ўғлига танбеҳ берибди:
— Ҳадеб қўшнимизни уйига чиқаверма! Ўзини болалари кўп, ёқмайсан!
Ўғли:
— Нега энди? Ҳар чиққанимда, онаси:
— Келақол. Сен етмай тургандинг ўзи!, - дейди-ку...
Бир болакай мактабга кетаётса, ёнига такси келиб тўхтабди-да:
— Ўтир олиб бориб қўяман, - дебди ҳайдовчи болага раҳми келиб. Болакай машинага чиқибди-ю, ҳайдовчига савол бера бошлабди:
— Отам ҳарбий, онам милицияда ишласа, мен ким бўламан?
— Яхши ҳарбий бўласан.
Болакай яна сўради
— Агар отам ўқитувчи, онам эса боғча тарбиячиси бўлса, мен ким бўламан?
Ҳайдовчи:
— Мураббий бўлсанг керак.
Шундай қилиб болакай савол бераверибди. Охири ҳайдовчи жаҳли чиқиб, болага ўгирилибди-да:
— Агар отанг бемаъни, ароқхўр, қиморбоз бўлса, онанг бетайин бузуқи бўлса, сен ким бўласан?
Шунда болакай:
— Таксичи бўламан, - деган экан.
Ўқитувчи ўқувчиларга:
— Ким 2 ёки 3 баҳо олса, тўғри дўзахга тушади. Ким 4 ёки 5 баҳо олса, жаннатга...
— Вали ўрнидан туриб:
— Устоз мактабни тирик тугатишга умид борми?
Ўғли отасидан сўрабди:
— Ада, одамлар қандай пайдо бўлишган?
Отаси дебди:
— Одам ато ва Момо ҳаводан...
— Ойим ҳамма одамлар маймундан тарқалган дейдилар-ку?! - дебди ўғли.
— Ойингни қариндошлари ҳақида ҳеч нима билмайман, - дермуш адаси.
География дарсида:
— Болтавой, қани бизга Панама канали ҳақида гапириб бер-чи!
— Устоз , телевизоримиз Milliy, Sevimli, My5 каналларини кўрсатади, лекин бунақа канални кўрсатмайди.
— Адам мени кеча огоҳлантириб, — Агар яна ярим тунгача компьютерда ўтирсанг, клавиатурага бурнингни ишқалаб ташлайман, - деган эдилар.
Яна компьютерда ўтирибман. Агар ҳозир кўриб қолсалар, одйпйшпзл1ш4шлвйқлмцацфуса