Бошлиқлар ҳақида латифалар

Бир куни подшоҳ вазирларни йиғиб дебди:
— Салтанатимда солиқлар кун сайин ошиб борса ҳам, хазинада пуллар кўпаймаяпти!? Бунинг боиси недир?
Йиғилганлар орасида доно бир вазир катта муз бўлагини олибди-да, “Шоҳимга узатиб юборинглар!” дебди.
Ҳалиги муз бўлаги қўлма-қўл бўлиб подшоҳга етиб келгунча кичкина томчига айланиб қолибди.
Шунда подшоҳ вазирнинг ақлига таҳсинлар айтиб, барча қўл остида ишлаётган амалдорларни ва хазинага келадиган пулларни қаттиқ назоратга олган экан.
Пошшо саройидаги ҳамма аъёнлар Афандини ёмон кўрардилар. Улар пошшога Афандининг устидан ғийбат қилишар, унинг ҳақида турли-туман уйдирмалар тарқатишар эди. Бироқ Афанди билан учрашганларида ҳамиша ўзлари шарманда бўлишарди.
Бир куни улар тўпланишиб пошшонинг олдига киришдилар-да, Афандининг оғзи сассиқлигига уни ишонтирмоқчи бўлишди. Иғво устига тасодифан Афанди келиб қолди. Аъёнларнинг ранги-қути ўчиб, дамлари ичига тушиб кетди.
Пошшо ҳақиқатни билмоқчи бўлиб Афандидан сўради;
— Қани, яқинроқ ўтирчи, аъёнлар сенга қаттиқ касаллик йўлиққан дейдилар, ростми?
— Шоҳим, уларнинг ҳаммаси менинг қадрдон дўстларим, улар ёлғон гапиришмайди, эшитайчи, улар нималар дейишдийкин?
— Буларнинг айтишларича, сенинг оғзинг ёмон сасиб кетган эмиш.
— Уларнинг гаплари жуда тўғри, шоҳим,— деди Афанди,— ҳозиргача мен уларнинг хиёнати, аҳмоқона қилиқларини бировга айтмай ичимга юта берганимдан, ўша иллатлар ичимда сасиб, оғзимдан чиқмоқда.
Эрталаб корхона директори ишга келиб хонасига кирса, бир ишчиси бошига иссиқ қалпоқ кийиб олиб стол устидаги қоғозларни титкилаётганмиш.
— Сен бу ерда нима қиляпсан Хасанов??? – дебди.
Хасанов тикилиб туриб:
— Падарингга лаънат! Кийсанг кўринмайдиган бўлиб қоласан деб юз мингга сотган эди, - деб бошидаги қалпоқни ечиб ерга отган экан.
— Ишхонангиздаги раҳбарга муносабатингиз қандай?
— Худди хотинимга ўхшаш. Раҳбаримиз озгина ёқади,озгина қўрқаман ва бирозгина бошқаси бўлишини истайман...
— Бошлиқнинг хонасига кириб, столга қаттиқ муштлаб, маошимни оширишни талаб қилдим.
— Ҳӯш, натижаси нима бӯлди?
— Ҳеч нима, чунки бошлиқ хонасида йӯқ эди.
Янги ишга кираётган йигит суҳбатдан ўтаётиб корхона раҳбарининг «Уйланганмисан?», деган саволига шундай жавоб берди:
— Йўқ, мен уйланмаганман. Аммо буйруққа сўзсиз бўйсунаман… Армияда ўргатишган.
Котиба бошлиғига деди:
— Хотинингиз телефонда илтимос қиляпти.
— Илтимос қиляпти? Унда бу менинг хотиним эмас!
Байрамни эртасига бошлиқ ҳамма ходимларни мажлисга йиғибди. Кайфияти йўқ, авзойи бузуқ, ходимларга қараб:
— Кеча байрамда ким ичди? - деб савол берса, ҳеч ким индамабди. Бошлиқ яна:
— Яна бир марта сўрайман, кеча ким ичди? Яна ҳамма жим.
— Охирги мартта сўраяпман. Кеча ким ичди, - деса, бир ходим ўрнидан туриб, қўрқиб:
— Мен ичгандим, - деса, бошлиқ
— Сиз мен билан юринг! "Бош оғриқ" қиламиз. Қолганлар ишини қилсин! -дермиш.
Бошлиқ хонасида турган қоғоз майдалагичга ҳужжатни қўйибди-да, котибасидан сўрабди:
— Қайси тугмасини босиш керак?
— Қизил тугмани босинг, - дебди котиба.
Қоғоз майдаланибди. Шунда бошлиқ котибага қараб:
— Шу ҳужжатдан яна битта нусха чиқариш керак, - дермиш.
Бир куни бошлиқ қўл остидаги ишчисининг уйига меҳмонга келибди. Қафасдаги тўти бошлиққа қараб ҳадеб:
— Сен аблаҳсан, сен аблаҳсан, - деяверибди.
Жаҳли чиққан бошлиқ ишчисига қараб:
— Агар мана шу тўтингни қовуриб келсанг, сенга истаганингча пул бераман, - дебди.
Ишчиси тўтини олиб, ошхонага чиқибди. Тўтига раҳми келиб, музлатгичдан товуқ гўштини олибди-ю, қовурибди. Тўтини эса ошхонада стол остига яшириб қўйибди.
Товуқ гўштини тўтиники деб ўйлаб, паққос туширган бошлиқ энди эшикдан чиқиб кетаётса, ишчиси:
— Хўжайин, пулларни бермайсизми? - деса, бошлиқ:
— Қанақа пул? Нима деяпсан?! - деб ўдағайлай бошлабди. Шу пайт ошхонадан:
— Айтмадимми, сен аблаҳсан деб! - дермиш тўти.