Бошқалар ҳақида латифалар

Бир йигит табибга бориб:
— Негадир мени гапимни ҳеч ким эшитмаяпти. Уйдагилар, ишхонадагилар, кўчадагилар, ҳеч-ким... Сиз бирор чорасини топа оласизми деб ёнингизга келдим, - деса, табиб:
— Гапирсанг, тезроқ гапир ука. Мени вақтимни олма!, - дермиш.
Фантамас 2 ўғил фарзандли бўлибди. Бирини исмини Коламас, иккинчисини эса Пепсимас деб қўйибди.
Тарихий обидаларни қазиш ишлари вақтида тажрибали археологлар тажрибасиз археологлар суякларига дуч келишди.
Жаҳон молиявий инқирози жараёнида икки иқтисодчи бир-бири билан суҳбатлашяпти:
— Оғайни шу кунларда кечалари умуман ухлай олмаяпман. Инқироз қаттиқ таъсир қилди менга. Сизчи, сизда қандай кечяпти?
— Мен чақалоқлардек ухлаяпман.
— Йўғ-е?
— Ҳа, ҳар 10 минутда уйғониб, йиғлаб-йиғлаб оляпман.
Дунёда мен билган 6 та ажойиб касб бор:
1. Футболчи - ўзи тепиб ўзи қувлайди.
2. Тикувчи - ўз қирқиб ўзи ямайди.
3. Ўқитувчи - ўзи билганини ўқувчидан сўрайди.
4. Сартарош - ўзи барчани сочини олади-ю, ўзини сочини бировга олдиради.
5. Автобус ҳайдовчиси - барчани манзилига олиб бориб қўйиб, ўзи пиёда боради.
6. Археолог - ўзи йўқотмаган нарсани излайди.
Бир одамни кўзига фаришта кўринди ва ундан сўради:
— Эй, Фаришта 100 йил сен учун қанча вақт?
Фаришта:
— Бир зум, - дебди.
Ҳалиги киши яна сўради:
— Бир миллион доллар сен учун қанча пул?
Фаришта:
— Бир тийин.
Шунда ҳалиги киши:
— Менга бир тийин бер.
Унга жавобан Фаришта:
— Бир зум кутгин, - дебди
Туалетда газета ўқишга одатланган одам, кутубхонага кириб китоб ўқиётганда, иштони оғирлашиб қолибди.
Кунлардан бирида гугурт чўпи бошини қашийман деб ёниб кетибди.
Ёш учувчи қўниш майдончасига яқинлаша туриб, диспечер билан ҳазиллашмоқчи бўлибди. Рацияни кўтариб:
— Алло, кимлигимни топ-чи?, - деса, диспечер қўниш майдонидаги ҳамма чироқларни ўчириб қўйибди-да:
— Қаерга қўнишингни топ-чи, - дермиш.
Пахта терими бошланиб, ҳамма ишчилар далага чиқишибди. Бир йигит ҳаммадан кўп пахта териб, рекорд ўрнатибди. Раҳбарлар хурсанд, дўстлари табриклашибди, ҳамма жойда шов-шув кўтарилибди. Бир пайт учта пахтакор уни имлаб, бир четга чақиришибди-да:
— Янгиликни эшитдингми?, - дейишибди.
— Йўқ, - дебди йигит.
— Манавини ичиб ол, кейин айтамиз, - деб бир пиёла ароқ узатишибди.
Йигит ичиб:
— Нима гап? Айтинглар, - деса, бояги пахтакорлар яна бир пиёла ароқ узатиб:
— Буниям ич, хабарни эшитишинг осонроқ бўлади, - дейишибди.
Шундай қилиб унга яна уч пиёла ароқ ичиришибди-да, ғирт маст бўлиб бир четда ётган йигитга қараб:
— Энди гапни эшит! Ҳозир бу ерга телевидениядан келишади. Энг намунали пахтакор деб сени суратга олишмоқчи экан, - дейишармиш.