Эр-хотин ҳақида латифалар

Психолог аёл кишидан сўрабди:
— Қайси аёл эрини қандай бўлса шундайлигича қабул қилади?
Аёл:
— Фақат ер қабул қилади, - деб жавоб берган экан.

Дорихонага бир аёл кириб дебди:
— Ҳурракни тўхтатишим керак, шунга дори борми?
— Ҳурракни ўзи ким отади?
— Эрим.
— Мана сизга 1 ўрам пахта!
— Пахтани бошимга ураманми?
— Ҳар куни қулоғингизга тиқиб ётсангиз, ҳурракни эшитмайсиз.

Хотинининг жанжалларидан тўйиб кетган эр ортиқ бундан яшаб бўлмаслигини тушуниб етибди. “Бир нима қилишим керак!” деб ўйлабди-да, шартта деразани очиб токчага чиқибди. 6-қаватдан пастга қараб турса, хотини чиқиб қолибди:
— Нима қиляпсиз, адаси? – дебди хотини.
— Хайр хотин! Ортиқ сен билан яшай олмайман! Жонга тегди! Ҳозир ўзимни шу ердан ташлайман! – дебди эри.
Хотини югуриб ошхонага кириб кетибди. Зум ўтмай, қўлида ахлат челак билан чиқиб дебди:
— Адаси шуни ҳам олиб кетинг. Барибир пастга кетяпсиз-ку...!

Бадавлат одам уйга қайтиб келиб, хотинига дебди:
— Сенга 2 та янгилигим бор. Бири-яхши, иккинчиси ёмон!
— Майли, ёмонидан бошлайверинг! – дебди хотини.
— Бугун козинода ўйнаб, бор бойликларимни ютқазиб қўйдим. Яхши янгилигимни эшит! Ўша козинони ўзи менга тегишли бўлиб чиқди...

Ишдан ғамгин қайтган эридан хотини сўрабди:
— Нима бўлди?
— Биласанми, бугун қанақа кун? – дебди эри.
— Йўқ, - ҳайрон бўлиб жавоб берибди хотин.
— Бундан 20 йил аввал, мактабда ўқиб юрган пайтларимиз... Иккаламиз отангни қимматбаҳо машинасини ҳайдаб кетиб, уриб олганмиз. Пачоқ бўлган машинасини кўрган отанг “ёки машинамни пулини ҳар ойда фалон сўмдан тўлаб борасан ёки шу қизимга уйланасан” дегандилар... – дебди эри.
Хотини яна тушунмай:
— Ҳўш, нима бўпти. Нега шу воқеани бугун эслаяпсиз? – деса, эри афсус билан:
— Агар ўшанда отангни биринчи шартига рози бўлганимда, бугун машинани пули тўлаб қутулган бўлардим! – дермиш.

Хотин эрини дўконга жўнатаётиб тайинлабди:
— 1 та буханка нон олингда, тухумни сўранг. Бор бўлса, 10 та олинг!
Эри дўконга кириб сотувчига дебди:
— 1 та буханка беринг. Тухум борми?
— Бор, - дебди сотувчи.
— Унда 10 та буханка берасиз, - дермиш эри.

Заргарлик дўконига кирган йигит соатларга қараб турса, сотувчи қиз келиб дебди:
— Ҳурматли мижоз, сизни омадингиз бор экан. Бизда аёллар зиракларига чегирмалар бошланди. Севган қизингизга арзон нархларда зирак сотиб олишингиз мумкин.
Йигит хафа бўлиб:
— Севган қизим йўқ мени, - дебди.
Сотувчи яна:
— Қанақасига?! Шундай келишган йигитни севган қизи бўлмаса?! Нега ахир? – деса, йигит яна хафа бўлиб:
— Хотиним рухсат бермаяпти, - дермиш.

Эрим қафасдаги конорейкаларга дон, сувдан ташқари олма, банан, қулупнай, қизил сабзи, қайнатилган тухум беради. Ёмғир ёққанида қафасни иссиққина уйга олиб киради. Ҳаво яхши бўлса қафасни ҳовлининг энг баҳаво жойига илади.
Шу қушларга айланиб қолгим келяпти...!

Жуда қалин дугоналар суҳбатлашмоқда:
— Биласанми, эрим мени “Қуёнчам” деб чақира бошлади.
— Ахир бу зўр-ку!
— Нимаси зўр?! Эрим исмимни унутиб қўйганга ўхшайди....!

Прапорщик ишдан қайтса, уйда хотини нолиб қолибди:
— Жонимга тегди ҳаммаси! Кун бўйи бир мартта ҳам ўтирмадим...
Прапорщик бу гапни эшитиб хотинини 50 мартта ўтириб-туришга мажбур қилибди.