Ишхона ҳақида латифалар

Ҳарбий хизматга кетишдан аввал мактабда ўқитувчилик қилган аскар армияга бориб, ўт ўрибди, оғир юк ҳам ташибди, ер ҳам қазибди, ҳамма ёни супуриб ҳам чиқибди. Командирлар унга:
— Бўлди, энди сени махсус қисмга хизматга ўтказамиз. Синовдан яхши ўтдинг, - дейишса, аскар уларга:
— Йўқ, менга шу ер ҳам бўлаверади. Мен ўзи ўрганиб қолганман, - дермиш.
Яқин дўст бўлган иккита бой учрашиб, суҳбатлашиб қолибди:
— Шу дангаса ўғлимни ишга олсанг дегандим...
— Муаммо эмас! Эртага келаверсин. 1-2 соат офисда, компьютер ўйин ўйнаб кетади. Маоши 5 миллион бўлади.
— Дўстим, мен уни ростан ҳам ишлашини хоҳлайман.
— Майли, ярим кунга келақолсин. Интернетда янгиликларни ўқиб, қаҳва ичиб кетади. Ойига - 2 миллион, бўладими?
— Ҳа, йўқ... У камида 10 соатлаб ишлаши керак. Маошини 700 мингдан оширмайсан...
— Э, бунақаси кетмайди! Ўғлингга айт, ёнимга институт дипломи билан келсин!
Эшиги очиқ ҳолда юриб кетаётган маршрутка ҳайдовчиси орқага ўгирилиб дебди:
— Бу нимаси? Эшикни ёпинглар!
Орқа ўриндиқлардан бирида кетаётган аёл норози оҳангда:
— Ичкари жуда иссиқ. Бироз эшикларни очиб кетаверайлик! – деса, ҳайдовчини жаҳли чиқиб:
— Эсингиз жойидами? Йўлда кимдир тушиб қолса-чи?! – дебди.
Йўловчи аёл ҳайдовчига жавоб берибди:
— Ҳавотир олманг! Ўзим йўл кира ҳаққини тўлаб юбораман...!
— Дўстим, нима замонларга қолдик?!
— Тинчликми, нима бўлди?
— Пластик карточкамдаги ойлик маошимни нақд пул қилиш учун банкоматга боргандим.
— Хўш?
— Ўзи 1 миллион маош оламан. Банкомат эса яна минг сўм сўраяпти.
Сизнинг маошингизга қанча?
Раҳбарингиз кўзи билан қаралса: “Бунча-ям кўп маош тўлаяпман...”
Хотинингиз кўзи билан қаралганда: “Шу-ям пулми? Бунча кам...!”
Ўзингизни кўзингиз билан қараганда: “Мен давлатга текинга ишлаб беряпман!”
Оддий ишчиларни асранглар!
Агар улар касал бўлиб қолсалар, ишхоналарда фақат раҳбарлар ва текширувчилар қолишади.
— Салом ўртоқ! Бандмасмисан?
— Йўғ-е, бўшман, ишдаман!
Энг яхши дам олиш кунлари бу – душанба куни ишга бормайдиган кунларингдир.
Қурилишга ер сўраб келган тадбиркор раҳбарнинг иш столида турган иккита ёзувга кўзи тушибди:
“Чекиш ман этилади” ва “Пора олмайман”.
Тадбиркор секин гап бошлабди:
— Менга ер керак. Тезроқ қурилиш бошламоқчи эдим. Бунга катта миқдорда пул ҳам йиғиб қўйганман... Аммо, аввал сизнинг рухсатингиз керак экан...?
Бу гапни эшитган раҳбар “Чекиш ман этилади” деган ёзувни секин столни тагига олиб қўйибди-да:
— Келинг, аввал чекиб олсак-а? – деган экан.
Ишдан қайтган эр хотинига дебди:
— Бугун эрталаб шунчалик аччиқ қаҳва дамлаб берибсанки, ишда умуман ухлолмадим.