Афанди бозордан тоғора олиб келаётган эди, йўлда биров дуч келиб:
— Қани, тақсир, тоғорани менга беринг, кўтаришиб кетай,— деди-да, Афандининг қўлидан тоғорасини олди.
Уйга етдилар. Афанди одамгарчилик юзасидан у кишини меҳмон қилиб жўнатди. Бироқ бу киши ҳар куни келиб, Афанди билан сўрашиб:
— Хўш, қалай, тоғора омонми?—деб сўрайдиган бўлиб қолди.
Ҳар гал келганида, Афанди уни ҳоли-қудрат меҳмон қилиб жўнатарди. Бу ҳолнинг узлуксиз давом этишидан Афанди жуда зерикди.
Кунларнинг бирида, у киши яна келиб, эшик қоққан эди, Афанди тоғорани кўтариб чиқди. У ҳам сўрашиб бўлгач:
— Ҳа, қалай, тоғора омонми?—деб сўраган эди. Афанди тоғорани ерга ташлаб юборди. У ерга тушиб синди.
— Ҳа, тоғора шу дамгача омон эди, ҳозир кўз олдингизда жон берди,— деб Афанди уйга кириб кетди.