Дўстлар ҳақида латифалар

— Алло, ўртоқ, кетингдан кетвоммиза, бир орқага қараб қўйгин, Геленвагенни кўрдингми?
— Йўғее?
— Кўрдингми? Биза орқасидаги маршруткадамиза.
Бир киши яқин дўстидан сўрабди:
— Менга юз минг бериб тура оласанми?
— Нимага?
— Эсдаликка!
Афандининг бир ошнаси оғзи латта билан боғланган бир хумчани омонат топшириб:
— «Бунинг ичида войвоякнинг боласи бор, оғзини оча кўрманг, учиб кетиб қолади» деб, тайинлади.
У кетгандан кейин, Афанди «войвоякнинг боласи қанақа бўлар экан» деб, хумчани очди, қараса: ичи тўла асал.
Афанди бир татиб кўриши биланоқ хумчанинг ёнидан кетмай қўйди, уч кун қорни оғриди.
Беш-олти кундан кейин эгаси келиб хумчани сўради. Афанди олиб чиқди. Эгаси хумчани кўтариб кўриб:
— Афанди, мен кетгандан кейин хумчани очиб, вой-воякнинг боласини учириб юборибсиз, шекилли,— деди.
— Тўғри,— деди, Афанди,— учиб чиқиб уясини тополмай, қорнимга кирган экан, уч кундан бери менинг оғзим билан войвойлайди.
Бир қишлоқнинг йўлида каттакон чуқур бор экан. Шу йўлдан ўтган одамлар чуқурга тушиб, жароҳатланишаркан.
Кунларнинг бирида учта одам шу чуқурни ёнига келиб, тортишиб қолишибди:
— Биласизларми? Шу чуқурни ёнига тез ёрдам машинасини олиб келиб қўйиш керак. Шунда, йиқилган одамга ёрдам кўрсатиш осон бўлади, - дебди биринчиси.
— Э, йўғ-е! Ундан кўра, шу ерга касалхона қуриш керак. Йиқилган одам дарров касалхонага боради, - дебди иккинчиси.
Шунда учунчи одам ўйланиб туриб:
— Оббо, иккалангни ҳам ақлинг йўқ экан. Яхшиси, чуқурни кўмиб, бирор яқин касалхона олдидан чуқур кавлатиш керак, - деган экан.
Бир кун икки дўст учрашиб қолишибди.
— Дўстим, нега кўзинг кўкарган?
— Э, кўрмайсанми!? Спорт билан шуғулланай деб, тош кўтаришга боргандим. Бир бақувват спортчи тош кўтараётган экан... Шуни тамоша қилиб тургандим...
— Спортчини қўлидаги тош сени устингга тушиб кетдими?
— Йўк!
— Унда нега кўзинг кўкарган?
— Ҳалиги спортчини устидан кулиб юборибман...
Салом дўстим! Бормисан, қанча бўпти сени учратмаганимга?!
— Борман! Бир йил, уч ой, икки ҳафта бўлди мендан қочиб юрганингга... Олган қарзингни қачон қайтарасан, номард?!
Бир куни Фурқат деган йигит дўсти Раҳматга дебди:
— Кел, корейсларга ўхшаб исмимизни охирига "ли" қўйиб чақирамиз.
Раҳмат:
— Бўлмайди...
— Нега?
— Мен Раҳматли бўлиб қоламан, - деган экан.
Бир йигит тўйи куни кечаси гўшангага кирмасдан ҳаёл суриб ўтирса, бир ўртоғи:
— Ие, ҳа куёв бола, нимага ҳаёл суриб қолдинг? Ахир беш йилдан бери севишиб юрган қизингга уйландинг-ку. Нега бу ерда ўтирибсан? - деса,
Куёв бола:
— Шунақаку-я, энди туни билан телефонда ким билан гаплашаман? - дермиш.
— Эҳ, агар кўп пулим бўлганида, самолёт сотиб олган бўлардим.
— Самолётни нима қиласан?
— Самолёт керакмас, унга етадиган пулим бўлишини хоҳлайман!
— Алло, ўртоқ мен уйланяпман!
— Кимга?
— Шунча йилдан бери кимни танисам, ўшанга-да...
— Тентак. Менга уйлана олмайсан-ку ахир!