Қарз ҳақида латифалар

Ўқитувчи сўраяпти:
— Ҳўш Асад, дўстинг сендан 5000 сўм пул олиб, 4000 сўмини сарфлади. Сенга неча пул қайтаради?
— Бир сўм ҳам қайтармайди, устоз!
— Ўтир жойингга, баҳоинг "икки"! Математикани умуман билмайсан!
— Йўқ устоз, сиз мени дўстларимни мутлақо билмас экансиз...
Бир йигит дўстига:
— Соатга қара! Фақат бир томонга қараб юради. Биласанми, бу нимани англатади? Бу ҳаётингдаги ўткан ишларни унут, эски нарсаларни эслама, фақат олдинга қараб юр дегани!, - деса, дўсти:
— Эй файласуф, гапни бошқа ёққа бурма-да, ўтган ой олган қарзингни қайтар, - дермиш.
Мактабдан қайтган ўғил адаси гап бошлабди:
— Синфимиздаги Сарварни адаси ҳар куни мактабдан олган баҳолари учун унга пул берар экан. Масалан, “5” баҳога 1000 сўм, “4” баҳо олса – 500 сўм, “3”га 200 сўмдан. Агар “2” олиб келса, Сарвар йиғган пулларидан 1000 сўм жарима тўлашига тўғри келаркан.
— Ҳўш, дўстинг анча пул йиғибдими?
— Қаёқда... Қарзларини тўлаш учун якшанба кунлари пахта теримига чиқяпти.
Кунларнинг бирида чол балиқ овлаб ўтириб, олтин балиқни ушлаб олибди.
— Тила тилагингни! Ҳаммасини бажо келтираман. Фақат мени қўйиб юбор...!
Чол дебди:
— Мени уч тилагим бор. Шулар қачон амалга ошса, сени денгизга қўйиб юбораман.
1. Қачонки бу аҳмоқлар сўнгги русумдаги iPhone ва данғиллама тўйлар қилиш учун кредитлар олишни бас қилса!
2. Қачонки айрим раҳбарлар ёлғон гапиришни бас қилса!
3. Қачонки коллеж ўқувчилари уйда унутиб қолдирган телефони учун ярим йўлдан орқага қайтишни бас қилса!
Ранги оқариб кетган балиқ чолга қараб:
— Мени тушликка емоқчимидингиз? - дермиш.
Бир одам врачни ёнига келиб дебди:
— Доктор, менга ёрдам беринг. Мен тушкунликка тушиб қолдим.
— Нима бўлди?
— Нарх-наво ошиб боряпти, мени эса пулим йўқ!
— Кечирасиз, сизга пул бера олмайман!
— Ҳеч бўлмаганда, депрессиядан чиқиш учун арзонроқ дорини айтинг!
— Чуқур нафас олинг, чиқаринг. Яна такрорланг.
— Бу қандай ёрдам бериши мумкин?
— Ҳаво бепуллигида тўйиб нафас оволинг...
Бир одамга банк кредит беришни рад этибди. Қандай қилиб қасд олишини узоқ ўйлаб, охири шу банкдан шахсий ячейка олибди. Унга икки килограмм балиқ олиб келиб қўйибди-да, ячейкага фақат ўзи биладиган код рақамини ўрнатиб кетибди.
Бир болакай ўртоғига мақтанибди:
—Мени дадам сени дадангга қарз берган.
Ўртоғи жавоб қайтарибди:
— Лекин даданг мени дадамдан ўша қарзини ололмай юрибди-ку!
Салом дўстим! Бормисан, қанча бўпти сени учратмаганимга?!
— Борман! Бир йил, уч ой, икки ҳафта бўлди мендан қочиб юрганингга... Олган қарзингни қачон қайтарасан, номард?!
Қарз олувчилар бир нечта турга бўлинади:
1. Сурбетлар.
2. Ўта сурбетлар.
3. Антисурбетлар.
4. Сеҳргар сурбетлар.
Сурбет қарздорлар:
“Пул бериб тура олмайсанми?” дейишади.
Ўта сурбетлар:
“Ойлик олишинг билан менга қарз бериб турарсан...!”
Антисурбетлар:
“ Ўтган сафар олган қарзимни бера олмаяпман. Яна озгина пул бериб турсанг, ҳаммасини кейин битта қилиб қайтарардим”.
Сеҳргар сурбетлар:
Пул берасиз-у, уларни сеҳрини кўрасиз. Кўздан ғойиб бўлишади. Кўринмас одамга айланишади. Бир умрга...
"Бир ҳафтада қайтараман", - деб қарз олган ва бир ойда қайтарганларни қизил китобга киритиш керак.
Чунки бунчалик тез қарзини қайтарадиган инсонлар камайиб кетмоқда!!!