Latifa.uz сайтида энг кўп овоз олган латифалар рўйхати.
Бир одам тилла балиқ тутиб олиб, дебди:
— Машина ва уй хоҳлайман!
Балиқ:
— Арендами ёки давлатдан кредитми?
Ҳалиги одам:
— Пахта ёғида қовурайми ёки писта ёғидами? Танла!
Ҳар куни бир киши бозорда редиска сотадиган кампирга 1000 сўм бериб, редиска олмасдан кетаркан.
Бир куни ҳалиги одам яна 1000 сўм бериб, кетаётса, кампир уни қўлидан шартта ушлабди. Шунда киши:
— Ҳойнахой холажон бу сафар редиска олмаслигимни сабабини сўрамоқчи бўлсангиз керак?! - деса, кампир:
— Редиска оласанми-йўқми бу мени қизиқтирмайди. Редиска 1500 бўлди! - дермиш.
Бугун эрталаб автомобилимда кетаётиб, катта чорраҳада ўрнатилган камера мени суратга олганини пайқаб қолдим. Ҳайрон бўлдим, нега??? Ахир мен тезликни оширганим йўқ-ку!
Яна ўша чорраҳадан 3 мартта машинамни жуда секин ҳайдаб, камерага юзимни буриб, жилмайиб ўтдим. У мени 3 мартта суратга олди.
Эртаси куни уйимга 4 та квитанция ва мени жилмайиб турган суратларим келди. Жарималарнинг ҳаммаси хавфсизлик камарини тақмаганим учун экан...!
Қайнона ҳар учта куёвини синамоқчи бўлибди. Биринчи куёви дарвозадан кириб келиши билан, ўзини ҳовлидаги ҳовузга ташлабди. Катта куёв дарҳол қутқариб олибди. Эртасига катта куёвни дарвозаси олдида янги Нексия машинаси, уни устида "Севимли куёвимга қайнонасидан" деган ёзув турган эмиш.
Эртасига қайнона ўртанча куёвини ҳам ҳудди шундай синабди. Ўртанча куёви тонгда ташқарига чиқса, дарвозаси олдида янги Матиз машинаси, уни устида "Севимли куёвимга қайнонасидан" деган ёзув турган эмиш.
учинчи куни қайнона кенжа куёвини синаш учун ўзини сувга ташлабди. Кенжа куёв ичида ўйлабди:
— Катта божамга Нексия, иккинчи божамга матиз тегди. Менга эски Тико ёки шалоғи чиққан Жигули тегса керак, - дебди-да, қайнонасини қутқармабди.
Эртаси куни эрталаб кўчага чиқса, дарвозаси олдида янги Каптива турган эмиш. Устида "Севимли куёвимга қайнотасидан" деган ёзув турганмиш.
— Менга жуда кучли будильник керак.
— О, айни вақтида келдингиз. Бизда зўри бор. Аввал ўт ўчирувчиларнинг сиренаси чалинади, унинг ортидан артиллерия овозлари эшитилади. Бу ҳам фойда бермаса, устингизга бир челак совуқ сув сепади. Шундан кейин ҳам ўрнингиздан турмай ётаверсангиз ўзи ишхонангизга қўнғироқ қилиб, сизнинг касал бўлганингизни билдириб қўяди.
— Кучсизлик қилмасмикан?..
— Яна биттаси бор. Юқоридагиларни бажарганидан кейин ҳам уйғонмасангиз, гўрков билан домлани ҳам қидириб топиб келади.