Latifa.uz сайтида энг кўп овоз олган латифалар рўйхати.
— Одилжон, агар шундай ёмон баҳоларга ўқишда давом этсанг, адангни бошида оппоқ сочлар пайдо бўла бошлайди.
— Адам бундан жуда-ям хурсанд бўладилар!
— Нега ундай деяпсан Одилжон?
— Чунки мени адам кал одам!
Бир одам «Запорожец» машинасини сервисга олиб келиб устага дебди:
— Машинамга титан дисклар қўйдирмоқчи эдим.
— Бир миллион бўлди.
— Яна «Феррари»ни моторини ҳам.
— Беш миллион тўлайсиз.
— Тюнинг ўрнатиб берсангиз, ичидан ва ташқаридан!
— Уч миллион қўшасиз.
Машина эгаси ҳайрон бўлиб:
— Ҳазиллашяпсизми?! - деса, уста:
— Сиз биринчи бошладингиз-ку ҳазилни, - деган экан.
Стоматолог қабулхонаси. Ичкаридан бақирган, "дод-вой" овозлари эшитилиб, хонадан бир одам чиқиб келибди.
Бошқа беморлар:
— Қаттиқ оғритарканми?, - деб сўрашса,
Ҳалиги одам оғзидан иккита узилган бармоқни олиб ташлаб:
— Билмиман, мен бақирмадим, - дермиш.
Бир эркакнинг иккита хотини бор экан. Аммо иккала хотини ҳам бу ҳақда мутлақо бехабар экан. Бир куни ўша одам иккала хотинини ҳам бирга, битта жойга дам олишга юборибди. Дам олишга борган аёллар ҳеч нарсадан бехабар, бир-бирлари билан яқин дугона бўлиб қолишибди, бирга суратларга тушибди. Дам олишдан қайтгач, эри биринчи хотинини олдига бориб:
— Хўш, қандай дам олдинг, кимлар билан танишдинг, - деб сўрабди.
Шунда хотини:
— Мазза қилиб дам олдим. Бир аёл билан танишдим, - деб эрининг иккинчи хотинини расмини кўрсатибди. - Лекин жудаям енгилтак аёл экан, ҳар куни ҳар-хил эркаклар билан юрди-я, - дебди.
Эртаси куни иккинчи хотинини олдига борган эр, у аёлдан ҳам гапириб беришини сўраса:
— Адаси манави расмдаги аёлни қаранг. Жудаям яхши аёл экан. Дам олишга эри билан келиб, эри билан кетди, - деган экан.