Стоматология поликлиникаси йўлагида асабийлашиб сигарет чекиб юрган врачни учратган ҳамшира ундан сўрабди:
— Нима бўлди, тинчликми? Беморингизни тишлари жуда ёмон аҳволдами?
Врач асабийлашиб дебди:
— Қани энди шундай бўлганида... Беморимни ҳамма тишлари соғлом, лекин уни пуллари кўп!!!
— Эшикни очинг, МИБдан келгандик.
— Очмайман! Сизлардан жуда ҳафаман!
Шанба куним сокин ва ёқимли ўтаётганди. Бу шанбамас якшанба эканлигини билиб қолмагунимча...
Тўхтамасдан узоқ югурган одамга сояси дебди: “Бунча шошиласан!? Дам олайлик!
Ўрмонда маймун югуриб кетаётиб бақирармиш “Нархлар яна ошибди, нарх-наво кўтарилибди...”. Олдидан бўри чиқиб сўрабди:
— Нега бақиряпсан?
— Нархлар ошибди, эшитдингизми? – дебди маймун.
— Нима бўпти? Менга нима?! Аввал гўшт еб юрганман, бундан кейин ҳам еявераман! – дебди бўри бепарво.
Маймун яна йўлида югуришда давом этибди, “Нархлар ошиб кетибди...!”
Уни олдидан тулки чиқибди.
— Нима деяпсан?
— Ҳамма нарса ошиб кетибди...
Тулки ҳам парво қилмай:
— Менга умуман фарқи йўқ! Аввал мўйна кийиб юрганман, бундан кейин ҳам мўйнада юраман! – деб жавоб берибди.
Шунда маймун ўйлаб туриб:
— Ростан ҳам, менга-ям фарқи йўқ-ку! Аввал қандай ялонғоч юрган бўлсам, бундан кейин ҳам шундай юравераман, - дермиш.
— Сизни қўлингиздан ҳамма иш келадими?
— Бўлмасам-чи!?
— Яхши, ундай бўлса, тиш пастасини ҳаммасини чиқариб ташланг! Ҳаммаси чиқдими?
— Энди эса ҳаммасини қайтариб ичига солиб қўйинг-чи?!
Эр хизмат сафарига кета туриб, хотинига дебди:
— Компьютеримни асло ёқа кўрма! Агар ёқсанг, кайфиятинг бузилиши аниқ!
Табиийки, хотини компьютерни ёқиб кўрган...
Эр сафардан қайтса, остонада ғазаб билан хотин кутиб турибди.
— Компьютеримга тегибсан-да барибир...!? – дебди эр.
Хотини жаврай бошлабди:
— Ҳа, компьютерингизни ёқиб, беҳаё суратлар, маъшуқангизга ёзган хатларингизни қидирдим. Шунча вақтим кетди. Бирортасини ҳам топа олмадим, умуман йўқ!!!
— Шунга кайфиятинг йўқми?
— Ҳа!
— Мен сенга нима дегандим!?
Бир куни шайтон болаларини айлантириб юрган экан, ёш шайтонча онасидан сўрабди:
— Ойижон, анави ўт еб юрган нарса нима?
— Бу сигир. У одамларга сут, гўшт беради, - дебди онаси.
Яна бироз юргач, шайтонча онасига дебди:
— Анави нима?
— У товуқ. У одамларга тухум беради. Гўштиҳам ейилади, - дебди шайтон.
Узоқда юриб кетаётган одамларни кўриб қолган шайтон боласи:
— Анави-чи? – дебди.
Она шайтон:
— Тез кетдик бу ердан! Ҳозир бу одамзоти бир балони бошлайди-да, “Ҳаммаси шайтонни иши”, “Мени шайтон йўлдан урди” деб ҳамма айбни бизга ағдаради, - дермиш.
Шифокор беморга:
— Ўзингизни қўлга олинг, ҳозир сал бошингиз айланиб, кўзингизни олди қоронғулашади... Хизмат ҳақи учун 300 минг сўм тўланг!
Қурилишга ер сўраб келган тадбиркор раҳбарнинг иш столида турган иккита ёзувга кўзи тушибди:
“Чекиш ман этилади” ва “Пора олмайман”.
Тадбиркор секин гап бошлабди:
— Менга ер керак. Тезроқ қурилиш бошламоқчи эдим. Бунга катта миқдорда пул ҳам йиғиб қўйганман... Аммо, аввал сизнинг рухсатингиз керак экан...?
Бу гапни эшитган раҳбар “Чекиш ман этилади” деган ёзувни секин столни тагига олиб қўйибди-да:
— Келинг, аввал чекиб олсак-а? – деган экан.
161 162 163 164 165 ... 507