Latifa.uz сайтида энг кўп овоз олган латифалар рўйхати.
"Иккичи"ларнинг 2 та нарсаси бўлади: машинаси ва уйи.
"Уччи"ларнинг 3 та нарсаси бор: машинаси, уйи ва далаҳовлиси.
Аълочиларнинг 5 та нарсаси бўлади: кал боши, кўзойнаклари, энг кам ойлик иш ҳаққи, қон босими ва кўкрак нишони.
Бир болакай мактабга кетаётса, ёнига такси келиб тўхтабди-да:
— Ўтир олиб бориб қўяман, - дебди ҳайдовчи болага раҳми келиб. Болакай машинага чиқибди-ю, ҳайдовчига савол бера бошлабди:
— Отам ҳарбий, онам милицияда ишласа, мен ким бўламан?
— Яхши ҳарбий бўласан.
Болакай яна сўради
— Агар отам ўқитувчи, онам эса боғча тарбиячиси бўлса, мен ким бўламан?
Ҳайдовчи:
— Мураббий бўлсанг керак.
Шундай қилиб болакай савол бераверибди. Охири ҳайдовчи жаҳли чиқиб, болага ўгирилибди-да:
— Агар отанг бемаъни, ароқхўр, қиморбоз бўлса, онанг бетайин бузуқи бўлса, сен ким бўласан?
Шунда болакай:
— Таксичи бўламан, - деган экан.
Катта бир корхонанинг раҳбари ишчилар интизомини тартибга солиб қўймоқчи бўлибди. Ишёқмас, дангаса бирор ходимни ишдан бўшатиб, қолганларга намуна кўрсатиб қўйиш ниятида текширувга чиқибди. Қараса, бир ёш ишчиси корхона ҳовлисида деворга суяниб, дам олиб турган экан. Раҳбарнинг фиғони фалакка чиқибди. Ёш йигитнинг ёнига келиб:
— Сенга бир ҳафтада нечи пул тўлашади?, - деб сўрабди жаҳл билан.
— Олти юз минг, - жавоб берибди ҳайрон бўлиб.
Раҳбар бошқаларга ҳам ўрнак бўлсан деган мақсадда, хонасидан икки ярим миллион олиб чиқибди-да ёш ишчисини қўлига тутқазиб дебди:
— Мана, тўрт ҳафталик маошингни ортиғи билан олгин-да, бу ердан йўқол, қайтиб кела кўрма!
Йигит пулни олиб, индамасдан кетибди. Раҳбар эса бу ҳолатни кузатиб турган ишчиларга қарата:
— Ким эди у ишёқмас?, - деб сўраса,
Ишчилардан бири:
— Пицца ташиш хизматидан эди. Олиб келган пиццасини пулини кутиб турганди, - деган экан.