Афандининг ошналаридан бири янги иморат солди-да, кўз-кўз қилиш учун Афандини айтдириб юборди ва эртадан-кечгача олиб юриб, иморатни кўрсатди.
Юра бериб Афандининг қорни жуда очди, аммо ошнаси овқат тўғрисида оғиз очмас ва уйма-уй юрар эди. Афанди ниҳоят ошхона олдида тўхтади-да, унга диққат билан қарай бошлади. Ошнаси ундан сўради:
— Ошхона ёқиб қолди дейман-а?
— Ҳа, ошхонани жуда боплабсиз,— деди Афанди,— шундай қилибсизки, кирган кишининг дарров овқат егиси келади!— деди.