Тўйда ҳақида латифалар

Бир тўйда ярим тунгача базм бўлибди-ю охири ўртакаш бир отахонни ўртага чақириб:
— Отахон дуо қилиб беринг, - дебди.
Отахон ўртакашни олдига келса, ўртакаш отахонни қулоғига замонавий BLUETOOTH микрофонни тақиб гапиринг, - дебди.
Отахон ўртакашга қараб:
— Менга микрофон бер, - деса.
Ўртакаш:
— Отахон гапираверинг ҳамма эшитяпти, - дебди.
Отахон жаҳли чиқиб:
— Микрофон бер-э, - деса.
Ўртакаш отахонни қўлига битта стаканни бериб, мана микрофон энди гапиринг, - деса.
Отахон гап бошлабди:
— Мана бугун жиянимиз Абдусаттор... жиянимиз Абдусаттор, - дебди-ю.
Келинни исми эсидан чиқиб қолиб, стаканни орқасига яшириб, ўртакашга қараб:
— Ану алвастини исми нимайди, - дермиш.
Афанди бир куни тўйга борди. Унинг ёнида ўтирган бир савдогар очофатлик қилиб еганига қаноатланмай, дастурхондаги қанд-қурслардан олиб, чўнтакларини тўлғазди. Афанди буни кўриб ёнида турган чойнакни олди-да, секин унинг чўнтакларига қуя бошлади. Савдогар пайқаб қолиб, жаҳл аралаш Афандидан сўради:
— Нега чўнтагимга чой қуйяпсиз?
— Чўнтагингиз қанд-қурсни кўп еб чанқаб қолгандир,— деди Афанди.
Йигит:
— Менга турмушга чиқасизми?
Қиз:
— Мен турмушга чиқадиган йигит кучли ва ишбилармон ҳам бўлиши керак.
Йигит:
— Ахир мен сени безорилардан қутқардим-ку!
Қиз:
— Албатта! Лекин ишбилармон эмассиз-ку?!
Йигит:
— Агар билсанг, ўша безориларни юборган ҳам мен бўламан.
Тўй авжиган чиққан. Ҳамма хурсанд. Ўйин-кулги қизиган вақт тўйхонада ўйнаб юрган болакайлар бир-бирига:
— Куёв билан бир ҳазиллашамизми? Кетдик! – деб келин-куёвни олдига боришибди-да куёвга:
— Ада, бизлар билан ҳам расмга тушинг, - дебди.
Қари отахон ёшларни никоҳ тўйига ресторанга борибди.
Стол устидаги ноз-неъматларга қараб ўтирса, официант бола келиб, ликопдаги француз салатини аралаштириб ташлабди. Отахон хафа бўлиб официантга:
— Эҳ болам-а! Туппа-тузук турган овқатни кавлаб нима қилардинг?! – деган экан.
Ҳофизлар эрталабки наҳор ошидаги хизматларига кеч қолиб, машинада шошиб тўйхонага кетаётишса, орқа ўриндиқда ўтирган шогирди қўшиқ хиргоя қилишни бошлабди. Шунда “Состав” бошлиғи:
— Жим кетгин, асабимни “бузмасдан”! Ўзи кеч қолиб кетяпмиз, - деса, шогирд:
— Ҳа, тўйни эгаси сўраса, биз бир соат олдин бошлаганмиз деймиз, - деган экан.
Никоҳ тўйида куёв жўра сўзга чиқиб дебди:
— Дўстим, сен уйланаётган қизни мен умуман билмайман. Шунинг учун сени табриклай олмайман...
Лекин мен куёв болани жуда яхши биламан. Шунинг учун келин бола афсус, сизни ҳечам табриклай олмайман!
Тўйда ўтирган бир йигит гўзал бир қизни кўриб:
— Кечирасиз! Сизга кўзим тушдию қалбимда бир гап туғилди. Боядан бери сизга айтаман дейману юрагим орқага тортиб турибди.
Қиз:
— Беҳижолат этвуринг.
Бола:
— Ҳоов ўша олмани узатворинг.
Бир йигитни уйлантиришибди. Тўйда ҳаммага ош беришибди-ю, куёвга ош етмай қолибди.
Тўй тугагач, куёв гўшангага кирмасдан, ташқарида хафа бўлиб ўтирган экан, дадаси:
— Ҳа ўғлим, нимага ташқарида ўтирибсан, келинни ёнига кирмайсанми? - деса,
— Кирмайман, - деб бақирибди.
— Нега кирмайсан, - деса, ўғли:
— Ош еганлар кирақолсин, - дермиш.