Афанди бир пошшога балиқ совға қилди. Пошшо бу совға учун Афандига хазинадан бир тилла инъом қилди. Афанди чиқиб кетиши билан вазир пошшога деди:
— Ҳар ким балиқ кўтариб келса бир тилладан бераверсангиз хазина бўшаб қолади-ку?
— Дарвоке, айтганингиз тўғри. Нима қилиш керак?
— Дарҳол Афандини қайтариб келишни буюринг,— деди вазир.
Пошшо Афандининг кетидан одам юборди-да, вазирга деди:
— Тиллани қайтариб бер десак кандай бўлар экан?
— Бунинг иложи осон,— деди вазир,— Афандидан балиғинг эркакми, урғочими деб сўрайсиз, урғочи деса, «Менга эркак балиқ керак» дейсиз, эркак деса, «Менга урғочи балиқ керак» дейсизу тиллани қайтариб оласиз.
Афанди келди. Пошшо ундан сўради:
— Балиғинг эркакми урғочими?
Афанди пошшонинг ниятини пайқаб:
— Балиғим хунаса эди,— деб жавоб берди.
Пошшо унинг зийраклигига қойил қолиб, яна бир тилла инъом қилди.

Telegram
6 kun avval