Афанди кўчада келаётиб, бир сабзиполизга кўзи тушди. Елкасидаги қопни олиб полизга кирди-да, ярим қоп турп, ярим қоп сабзини олиб, энди кўтараман деб турган-да, эгаси келиб ушлади. Афанди ялинди-ёлворди. Ниҳоят полиз эгаси кавланган сабзилар билан Афандининг орқасига уриш шарти билан уни маҳаллага судраб шарманда қилмайдиган бўлди.
Афанди маъюслик билан туриб берди, полиз эгаси сабзи билан ура бошлади. Афандининг усти юпқа ва сабзи катта бўлганидан, ҳар сабзи текканда ирғиб тушиб, «охири бахайр бўлсин» деб қўяр эди.
Полиз эгаси таажжубланиб сўради:
— Бу нима деганингиз?
— Э биродар, — деди Афанди,— қопдагининг ҳаммаси сабзи бўлганда майли эди-я, ҳали қоп остидаги турпларга навбат келганда, ўпкамни тушириб қўярмикансиз?