Бир савдогар шаҳардан мол олиб, бошқа шаҳарга элтиб, сотиб юрарди. Кунларнинг бирида молларини сотиб бўлди-да, пулини этик қўнжига тиқиб, ўз шаҳрига жўнади. Бундан ўғрилар хабардор бўлиб, унинг пайига тушдилар. Савдогар поездга чиқувди, улар ҳам кетидан чиқишди. Кеч киргач, савдогар бепарво ухлаб ётаверди.
Ўғрилар секин у ётган жойга келдилар-да, «Пул қайси оёғида экан? Ўнгидами, чапидами?» деб, иккиланиб, таваккалига бир оёғини ўткир болта билан чопиб, опқочиб кетдилар. Бирдан вагоннинг ичи тўс-тўполон бўлиб кетди. Йўловчилар савдогарнинг ҳолига ачинардилар. У бўлса ҳадеб «худога шукур, худога шукур» дерди.
— Ие, нимага шукур қиляпсиз? Ахир бир оёғингиз...
— Э қизиқ экансизлар-ку! Пуллик оёғим омон қолибди-да! Шунга шукур қиляпман...