Бир куни Афанди уч-тўртта ўртоғини уйига бошлаб келди. Хотинига кириб: «Бир қулинг ўргилсин палов қилгин» деди.
— Вой, қизиқмисиз? Ахир уйимизда на гуруч бор, на гўшт, на ёғ бор. Нима бор, нима йўқлигини суруштирмай-нетмай, меҳмон бошлаб келаверасизми?!
— Хўп-хўп хотин, сал ўпкангни босиб ол. Ҳеч бўлмаса, дастурхонга бўш лаганни олиб чиқиб қўйгин, ўзим гапнинг кифтини келтираман.
Хотини ҳам эри айтгандай қилиб, бўш лаганни дастурхонга олиб чиқиб қўйди.
— Оғайнилар,— деди Афанди,— Агар уйимизда гуруч, ёғ, гўшт бўлганида эди, ҳозир шу бўш лаганда буғи чиқиб турган палов бўларди...