Ўртоқларидан бири Афандини уйга таклиф қилди. У меҳмонхонанинг тўрида ўтирган эди, эшон кириб келди.
— Қани, тақсир, буёққа ўтсинлар, - деб, унга ўз жойини бўшатиб берди.
Имом домла кириб келди. Унга ҳам жой бўшатиб, ўзи сал пастроққа ўтирди.
Кейин элликбоши, бирмунча боёнлар кириб келишди. Афанди:
— Қани юқорига, юқорига, - деб, уларни ҳам тўрга ўтқизворди.
Бундоқ қараса, ўзи пойгакка тушиб қолипти. Афандининг диққати ошиб турган эди, эшикдан бир кўппак ит мўралади. Иккала қулоғидан чўзиб уни ҳам ичкарига тортди-да:
— Бор, сен ҳам тўрга чиқ! - деди.