Афанди қўш хайдаб юриб бир хум олтин топиб олди. Атрофига олазарак қараган эди, ёнида ов қилиб юрган подшога кўзи тушди. «Агар шу олтинларни подшога берсам, бирор шаҳарга мени ҳоким қилар» деган хаёл кўнглидан ўтди-да, подшони чақирди. подшо ҳам кела бошлади, У келгунча, олтинларнинг меҳри ўткирлик қилиб, уни подшога бергиси келмай қолди. Подшо:
— Нима ишинг бор, мени нега чақирдинг!— деди.
— Шоҳим, сиз кўзчи, диди баланд одамсиз, бир чамалаб кўринг-чи, ҳайдалган жой кўпми, ҳайдалмаганими?— деди Афанди.
Ниҳоятда аччиғланган подшо:
— Аблаҳ, менинг овимга ҳалал бердинг!— дедида жўнаб қолди. подшо бироз юргач, Афанди яна ийиб кетди-да, олтинларни унга бергиси келиб чақирди:
— Шоҳим, қайтинг, бир хум олтин бераман! Олтиннинг номини эшитган подшо отининг бошини буриб қайтиб кела бошлади. Бироқ у етиб келгунча Афанди яна айниб қолди-да:
— Шоҳим, бир назар солиб қаранг, ола ҳўкизим тез юрадими, қораси илдамми? — деди Афанди.
Подшо ўз ичида: «Бу жинни одам экан» деб хаёл қил-ди-ю отни чоптириб кетди.
Афанди қўшни тугатиб, кечқурун хумни кўтариб уйига келди. Хумни уйга қўйиб, ҳўкизларни жойлаш учун молхонага кириб кетди. Хотини хумни қараган эди, ичи тўла олтин. У дарров олтинларни сандиққа солиб, хумни тош билан тўлатиб қўйди.
Афанди молхонадан чиққунча яна олтинларни подшога бергиси келиб қолди-да, хумни қопга солиб кўтариб, саройга қараб жўнади. Подшо беклари билан кенгашиб ўтирар эди. Афанди ўртага кириб бориб:
— Шоҳим, сизга бир хум олтин олиб келдим,— деди-да хумни гиламга ағдарди.
Ундан тўкилган тошларни кўриб, ҳамма ажабланди. Афанди хижолатдан чиқиш учун, деди:
— Борди-ю, шу хум тўла тилла бўлганда, неча ботмон келар эди?