— Ўзингнинг эътиқодинг паст,— деди ўртоғи,— ҳар кимдан тамаъ қилиб юрмай, тўғри худонинг ўзидан сўра.
Афанди «қани, худонинг ўзидан сўраб кўрай-чи» деб. Қассобдан қўйнинг пуфагини олиб келди. Уни обдан ийлаб, пуфлаб роса шиширди-да, офтобда қурутди. Кейин ўтириб, бир парча қоғозга ариза ёза бошлади: «Э худо, менга юз танга керак бўлиб қолди. Даргоҳингдан ноумид қайтарма, шуни ато қил»,— деб турар жойини маълум қилди. Аризани тахлаб пуфакка боғлади-да, учириб юборди.
Осмонда учиб кетаётган пуфакни шаҳар қўрғонида турган мерганлар кўриб қолиб, дарҳол уриб туширишди. Бундоқ қарашса, қоғозга ариза ёзилган. Улардан бири аризани подшога олиб бориб кўрсатди. Подшо ўқиб кўриб, бу Афандининг иши эканлигини пайқади. «Қани, нима деркин,»— деб, жўрттага юз танга ўрнига эллик тангани бир вазирига бериб юборди.
— Афандим, сиз худодан юз танга сўраганмидингиз?— деди вазир.
— Ҳа, сўраган эдим.
— Кечирасиз, сўраганингиздан бир оз камроқ бериб юборди, вазир унга ҳалиги пулни берди.
Афанди пулни санаб олиб, «Ҳа майли, эллик тангани берган худо қолганини ҳам берар»— деб, вазирни жўнатди.
Мазахўрак бўлган Афанди эртасига яна ариза ёзиб учирди. Шаҳар муҳофизачилари уни ҳам уриб тушириб, аризани подшога юбордилар. Подшо аризани ўқиди: «Э худо, менинг турар жойим ўзинга маълум. Шундай бўлганидан кейин, нега ўз қўлинг билан юборақолмай, вазирдан бериб юбординг? Вазирларнинг феъли ўзинга аён эдику. Мана, ярмисини уриб қолиб, ярмисини олиб келибди. Энди бевосита ўзимга тўғри юборавер...»