Пошшо Афандидан ғазабланиб, «Иккинчи юзингни кўрмайин!» деди-да, уни саройдан ҳайдаб чиқарди.
Кунларнинг бирида у кўчага чиққан эди, одамларнинг кўча супуриб, сув сепиб, йўлнинг икки томонига тизилишиб турганларини кўрди.
— Нима гап? — ажабланиб сўради у.
— Пошшо ўтади,— кимдир жавоб берди.
Афанди одамлар қаторида турган эди, пошшо келиб қолди. У дарҳол пошшога орқасини қилиб турди. Пошшо ғазабланиб қичқирди:
— Қандай одамсан, нимага тескари турибсан!
— Иккинчи бетингни кўрмайин деган эдингиз, шоҳим бетимни кўрмаса, кетимни кўрсин деб турибман,— жавоб берди Афанди.