Афандининг қўшниси тўй қилди, тўйга одамларни хат орқали чақиртирмоқчи бўлиб, таклифномаларни тарқатиб беришни Афандидан илтимос қилди. Афанди қўшнисининг илтимосини қайтара олмади, шаҳарда такаббурлиги билан танилган бир бойникига ҳам қоғоз олиб борди.
Бой Афандидан таклиф қоғози юборилганига ғаши келиб, сўради:
— Таклифнома олиб келиш учун сендан кўра дурустроқ одам топилмадими?
— Дурустроқ одамлар ҳам бор эди-ю,— деди Афанди,— аммо улар дурустроқ одамларникига хат олиб кетдилар.