Афанди бир жойда тўй бўляпти деб эшитди, гарчи таклиф қилинмаган бўлишига қарамай, тўйга жуда ҳам боргиси келибди. Ўйлаб-ўйлаб баҳона топибди. Бир варақ қоғозни тўрт буклаб, чўнтагига солибди-ю, тўйхонага отланибди. Тўй эгасига бориб:
— Сизга қозидан хат,— деб қоғозни берибди. Тўй эгаси қувониб, хатни олиб, Афандини тўйхонага киргизиб тўрга ўтказибди. Афанди эса вақтдан фойдаланиб, дастурхондаги нози-неъматларни бир бошдан ея бошлабди.
Тўй эгаси қоғозни очиб қараса, бўм-бўш.
— Қоғозда ҳеч нарса ёзилмаган-ку! - дебди афандининг ёнига бориб.
— Ишлари зарур бўлгани учун қоғозга хат ёзишга қўллари тегмади,— дермиш Афанди.