Афандининг кўзи хира бўлиб қолган эди, одамлар унга кўпроқ ёнғоқ ейишни маслаҳат беришди. Афанди бозордан ярим қадоқ ёнғоқ олиб, аста чиқиб кетаётган эди, рўпарасидан бир бола чиқиб салом берди. Афанди алик олиб, болага битта ёнғоқ берди-да, севиниб деди:
— Салом берган болаларни жуда яхши кўраман. Қани энди, бошқа болалар ҳам сенга ўхшаш салом беришни билишса!
Бола нарироққа бориб ингичка овозда салом берди, Афанди яна ёнғоқ узатди, кўчанинг ўртасига етмасданоқ бола йўғон товушда салом бериб, яна бир ёнғоқ олди, тор кўчага бурилмасдан хириллаган товуш билан салом берган эди, Афанди билиб қолиб:
— Саломни ёнғоққа алишиб еб, томоғинг оғриган шекилли, товушинг чиқмаётибди, ёнғоқ ема!— деди.