Афанди бозор айланиб юриб, бир заргарлик дўкони ёнида тилла буюмларни томоша қилиб, узоқ туриб қолди.
— Ҳа, биродар, бунча тикилиб қолдингиз? — деб сўради заргар.
— Мана бу олтин буюмларга ҳавасим келиб қолди. Назаримда, бу заргарлик дўкони бўлса керак-а?
— Йўғ-э, кўзингиз ожизроқми ўзи? — деди заргар ўзича ҳазиллашган бўлиб, — бу ерда эшакнинг калласи сотилади-ку!
— Шунақами? Менимча, савдонгиз жуда ўнгидан келаётганга ўхшайди-я?
— Қаёқдан билдингиз?
— Шундай катта дўконда фақат биттагина эшакнинг калласидан бошқа нарса қолмабди-ку!— деди Афанди заргарнинг калласига ишора қилиб...