Врач хонаси эшигида ёзувни ўқиган бемор таниш исм, фамилияни кўриб ҳайрон бўлибди.
“Бу ахир синфдошим-ку” дебди ичида. Хонага кириб қараса, қаршисида ўзидан анча ёш катта кўринган врач турган экан.
— Э, синфдош қалесан?! – дебди қувончини яширмай бемор.
Врач бўлса унга қараб:
— Кечирасиз бемор, сизни танимадим...! – деб ҳайрон бўлибди.
— Ростан мени танимадингми?! 105-мактаб эсингдами? – сўрабди яна бемор.
— Ҳа, мен ўша мактабда ўқиганман. Сиз ўқитувчим бўлсангиз керак?! Қайси фандан дарс бергансиз? – деган экан врач.