Фирибгарлар ҳақида латифалар

Бир киши ишдан қайтаётса, уйини ёнида бир лўлини учратибди. Лўли ундан:
— Эски-туски нарсаларингиз бўлса оламиз, - дебди.
Ҳалиги киши:
— Йўқ! Эски нарсаларимиз йўқ! – деб уйига кириб кетса, бироздан кейин телефон жиринглабди.
— Алло, - деса, нотаниш овозда кимдир шундай дебди:
— Ҳовлингиз эски-туски нарсаларга тўла экан. Ўзингизни хабарингиз йўқми!? Йиғиштириб олиб кетдик.
Бир одам қўшнисидан ҳол аҳвол сўрабди:
— Ҳа, қўшни, хомуш кўринасиз, тинчликми?
Қўшниси:
— Ээ, бир дўстим пластик операция қилдираман деб, 1000 доллар қарз олган эди, энди юзини ўзгартириб олиб, қочиб юрибди, ярамас, - дермиш.
Бир кампир магазинга кириб, сотувчи қиздан сўрабди:
— Қизим, сизларда музлатилган товуқ борми?
Қиз музлатгичга караса, битта товуқ бор экан:
— Ҳа, бор. Сизга нечта керак?
— Биттасини тортгинчи?
— Мана, 1.5 кило...
— Оғирроғидан борми?, - дебди кампир.
Қиз бояги товуқни билдирмай айлантирибди-ю, яна тортибди:
— Буниси 2 кило. Бўладими?
— Бўлади қизим. Иккаласиниям ўраб бер. Невараларимга бир табака қиб берай!
Бир куни бошлиқ қўл остидаги ишчисининг уйига меҳмонга келибди. Қафасдаги тўти бошлиққа қараб ҳадеб:
— Сен аблаҳсан, сен аблаҳсан, - деяверибди.
Жаҳли чиққан бошлиқ ишчисига қараб:
— Агар мана шу тўтингни қовуриб келсанг, сенга истаганингча пул бераман, - дебди.
Ишчиси тўтини олиб, ошхонага чиқибди. Тўтига раҳми келиб, музлатгичдан товуқ гўштини олибди-ю, қовурибди. Тўтини эса ошхонада стол остига яшириб қўйибди.
Товуқ гўштини тўтиники деб ўйлаб, паққос туширган бошлиқ энди эшикдан чиқиб кетаётса, ишчиси:
— Хўжайин, пулларни бермайсизми? - деса, бошлиқ:
— Қанақа пул? Нима деяпсан?! - деб ўдағайлай бошлабди. Шу пайт ошхонадан:
— Айтмадимми, сен аблаҳсан деб! - дермиш тўти.
— Товламачи, фирибгар одамни ажрата оласанми?
— Билмайман, қандай қилиб?
— 100 минг берсанг айтаман.
— 100 минг?! Бермайман!
— Ажрата олар экансан-ку!