— Нима ишинг бор, мени нега чақирдинг!— деди.
— Шоҳим, сиз кўзчи, диди баланд одамсиз, бир чамалаб кўринг-чи, ҳайдалган жой кўпми, ҳайдалмаганими?— деди Афанди.
Ниҳоятда аччиғланган подшо:
— Аблаҳ, менинг овимга ҳалал бердинг!— дедида жўнаб қолди. подшо бироз юргач, Афанди яна ийиб кетди-да, олтинларни унга бергиси келиб чақирди:
— Шоҳим, қайтинг, бир хум олтин бераман! Олтиннинг номини эшитган подшо отининг бошини буриб қайтиб кела бошлади. Бироқ у етиб келгунча Афанди яна айниб қолди-да:
— Шоҳим, бир назар солиб қаранг, ола ҳўкизим тез юрадими, қораси илдамми? — деди Афанди.
Подшо ўз ичида: «Бу жинни одам экан» деб хаёл қил-ди-ю отни чоптириб кетди.
Афанди қўшни тугатиб, кечқурун хумни кўтариб уйига келди. Хумни уйга қўйиб, ҳўкизларни жойлаш учун молхонага кириб кетди. Хотини хумни қараган эди, ичи тўла олтин. У дарров олтинларни сандиққа солиб, хумни тош билан тўлатиб қўйди.
Афанди молхонадан чиққунча яна олтинларни подшога бергиси келиб қолди-да, хумни қопга солиб кўтариб, саройга қараб жўнади. Подшо беклари билан кенгашиб ўтирар эди. Афанди ўртага кириб бориб:
— Шоҳим, сизга бир хум олтин олиб келдим,— деди-да хумни гиламга ағдарди.
Ундан тўкилган тошларни кўриб, ҳамма ажабланди. Афанди хижолатдан чиқиш учун, деди:
— Борди-ю, шу хум тўла тилла бўлганда, неча ботмон келар эди?