Афандининг бир ошнаси оғзи латта билан боғланган бир хумчани омонат топшириб:
— «Бунинг ичида войвоякнинг боласи бор, оғзини оча кўрманг, учиб кетиб қолади» деб, тайинлади.
У кетгандан кейин, Афанди «войвоякнинг боласи қанақа бўлар экан» деб, хумчани очди, қараса: ичи тўла асал.
Афанди бир татиб кўриши биланоқ хумчанинг ёнидан кетмай қўйди, уч кун қорни оғриди.
Беш-олти кундан кейин эгаси келиб хумчани сўради. Афанди олиб чиқди. Эгаси хумчани кўтариб кўриб:
— Афанди, мен кетгандан кейин хумчани очиб, вой-воякнинг боласини учириб юборибсиз, шекилли,— деди.
— Тўғри,— деди, Афанди,— учиб чиқиб уясини тополмай, қорнимга кирган экан, уч кундан бери менинг оғзим билан войвойлайди.