Афандининг бир камсут, қисир қолган, сузонғич сигири бор эди. Уни етаклаб бозорга сотгани олиб борди. Афанди бозорда туриб харидор чақирар эди:
— Бир қошиқ сути бор, холос, қисир қолган, орқадан келганни тепади, олдидан келганни сузади, ким олса пулига куяди!
У кечгача шу хилда жавраб турди, бирорта харидор Афандининг ёнига йўламади. Афандининг ростгўй, соддалигидан ҳайрон бўлган бир даллол келиб сигирни сотиб бермоқчи бўлди-да; сигирни мақтай кетди.
— Кунда тўрт товоқ сут беради, қорнида тўққиз ойлик боласи бор, эрта-индин туғади, қўйдан ҳам ювош, кимки олса фойда қилиб, пулидан барака топади.
Даллолнинг сўзини эшитиб, харидорлар кела бошлади. Афанди сигирни даллолнинг қўлидан олиб:
— Сигиримда бундай хислатлар бор экан, сотиб нима қиламан,— деди-да, етаклаб бозордан чиқиб кетди.