Хўжа Насриддин бўёқчи эди. Бир маҳмадона газлама кўтариб келиб:
— Мана шу матони дунёда йўқ рангга бўяб беринг, - дебди.
Хўжа Насриддин ҳайрон бўлиб:
— Қайси рангга? – деб сўрабди.
— Қизил, қора, яшил, кўк, сариқ ранглардан бошқасига, хуллас дунёда йўқ рангга бўяб беринг. Хўжа Насриддин гап нимадалигини дарров тушуниб:
— Майли, бажарамиз, - деди.
Йигит:
— Қачон келай? – деб сўради.
— Дунёда йўқ куни келинг: душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба, якшанбадан бошқа – ҳафтшанба куни келаверинг, - деб жавоб қилди.