Афанди дарёда чўмилаётган эди, тўр ташлаётган балиқчиларни кўриб қолди. Афанди шўнғиб бориб тўрга кирди. Балиқчилар тўрга жуда катта балиқ илинди деган хаёлда тўрни тортиб олишди, қарашса, Афанди илжайиб ўтирибди.
— Афанди, бизни лақиллатиб, тўрда нима қилиб юрибсиз?— дейишди балиқчилар.
— Жуда кўп йиллардан бери балиқ бўлиб, тўрга тушишни орзу қилиб юрар эдим, армонда кетмай дедим,— жавоб берди Афанди.